ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ – МУСТАҲКАМ СОҒЛИК ГАРОВИ

Тўғри ва соғлом овқатланиш – бу биринчи навбатда организмнинг тўғри ўсиш ва ривожланишини, мустаҳкам соғлиғини, узоқ умр кўриш ҳамда самарали меҳнат қилиш қобилиятини таъминловчи бош омил саналади. “Овқатланиш ҳаёт учун кураш шаклларидан бири сифатида жамики жонзотларнинг олдида турган асосий масала ҳисобланади” деб таъкидлайди Республикамизда соғлом турмуш тарзи тарғиботининг жонкуярлари. Ҳа, аслида ҳам шундай. Инсон ўзининг барча онгли ҳаётида ўқиб изланади, касб эгаллайди, меҳнат қилади, оиласи учун маблағ топади ва унинг асосий қисмини айнан оила аъзоларининг овқатланиши учун сарфлайди.

Тўғри, аждодларимиз бугунгидек овқатлик маҳсулотларини захиралашни, сақлашни унча яхши билмаганлар. Фақат қорни оч бўлганда егулик излаб топиб қорнини тўйғазган бўлишлари мумкин. Даврлар ўтиб ҳамма соҳада ўзгаришлар, ривожланишлар ва янгиликлар содир бўлгани каби, овқатлик маҳсулотларини етиштириш, ташиш, сақлаш, тақсимлаш, уларни тайёрлаш масалалари ҳам ривожланди, такомиллашди ва айнан нотўғри овқатланиш айрим касалликларнинг юзага келишида асосий сабаб бўлишини ҳам одамзот тушуниб етди.

Бугун озиқ-овқат маҳсулотлари, егуликларнинг турлари ва сони шу даражада кўпайиб кетдики, одамлар баъзида нимани ейишни нимани емасликни ҳам билмай қоладилар. Хатто табиий овқатлик маҳсулотлари қаторига нотабиий ишлаб чиқилган кўплаб егуликлар ҳам кириб келди. Улар сотув дўконларида шундай чиройли қилиб харидорларга тақдим этиладики, натижада унинг овқатлик қийматига қараб эмас балки, кўринишига, дастурхонга чиройли туришига қараб харид қиладилар.

Одатда билмасдан ўзингизга ёқмайдиган кийим олсангиз уни киймаслик мумкин, бирон бир жиҳоз олсангиз уни ишлатмаслик мумкин, аммо сифатсиз овқатлик маҳсулотини харид қилиб уни истеъмол қилиб қўйсангиз бу ўта мураккаб ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Биз хоҳлаймизми, йўқми у бизнинг бутун танамизга сингиб ҳазм бўлади ва соғлиғимизга салбий таъсир қилади.

Тиббиёт илмининг султони, буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино минг йиллар илгари тўғри овқатланиш ва унинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб “Кимки соғлом турмуш тарзига эришмоқчи бўлса, ўз соғлиғини сақламоқчи ва мустаҳкамламоқчи бўлса, овқатланиш тартибига, истеъмол қилинаётган овқатнинг сифатига, миқдорига, овқатни истеъмол қилиш вақти ва унинг ҳазм бўлиш жараёнига асосий эътиборини қаратмоғи лозим” деб таъкидлаганлар.

Меҳринисо ОТАҚУЛОВА,

шаҳар Тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси.

O'tgan postlar

Leave a Comment