Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият ҳисобланади. Шу боис ҳам, ҳар қандай соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, халқимизни рози қилиш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, давлат идораларидаги бюрократия, сансалорлик ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган. Зеро, Давлат хизматлари марказлари ҳам ана шу тамойил асосида фаолият юритмоқда. 

Айтиш жоизки, бугунки кунда Давлат хизматлари агентлиги томонидан тизимни янада такомиллаштириш, жараён шаффофлигини таъминлаш, давлат идоралари ва халқ ўртасидаги бюрократик тўсиқларни йўқотишга қаратилган манзилли тадбирлар ўтказилмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик алоқалари айни йўналишдаги яна бир муҳим қадам ҳисобланади.

Самарқанд, Оқдарё туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳар Давлат хизматлари марказларида ташкил этилган тадбирда иштирок этган Халқ депутатлари Самарқанд ва Оқдарё туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳар Кенгаши депутатлари буни алоҳида таъкидлашди.

Халқ ноиблари дастлаб марказларда фуқаролар ва тадбиркорларга яратилган қулайликлар, хизмат кўрсатиш сифати билан танишишди ҳамда фуқаролар билан суҳбат қилиб, уларнинг кайфияти ва фикрларига қизиқишди. 

Марказ раҳбарлари депутатларга мавжуд хизмат турлари, уларни олиш тартиби ва регламенти ҳақида батафсил маълумот беришди.

— Аҳолига сифатли давлат хизматлари кўрсатишда бошқа давлат идоралари билан ҳамкорлик алоқалари жуда муҳим, — дейди депутат Ш. Негматова. — Боиси, ҳудудлардаги муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг манфаатларини таъминлашда бу муҳим аҳамият касб этади. Депутатлар ўрганишлар давомида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатчиларга янада кенг имкониятлар яратиш борасида ўз таклифларини билдирди. Ўйлаймизки, ҳамкорлик яхши самара беради. 

Тадбирнинг иккинчи қисмида депутатлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда давлат хизматлари кўрсатишда сифат ва самарадорликни янада ошириш юзасидан таклифлар билдирилиб, фикрлар алмашилди. Шунингдек, депутатлар туманнинг олис ҳудудларида кўрсатилаётган сайёр давлат хизматларини юқори баҳолашди ҳамда жараённи янада жонлантириш таклифини беришди. Ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлган бу каби тадбирларни тизимли ўтказиш, халқимизни қийнаётган муаммоларни бартараф этишда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

ДХА Самарқанд вилояти бошқармаси

Ахборот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan