СЕНДА НИМА ИШИМ БОР

Сенда нима ишим бор,

Бормисан ё йўқмисан.

Менга қадалган кўзинг

Назарми ё ўқмисан.

 

Сени ғийбат қилмоққа,

Фурсатим йўқ, оним йўқ.

Аллоҳимга минг шукр,

“Ҳайт”дан келган шоним йўқ.

 

Бошлиғим йўқ яласам,

Кир, ифлос товонини.

Аждодларим шавкатли,

Сақлайман пок номини.

 

Доно бўлиб тинглайман,

Сўйлаганда нодони.

“Тили қисиқ” жойим йўқ

Ҳалолдир ошу ноним.

 

Бу дунёда борлигинг

Ҳаттоки билинмайди.

Кулиш у ёқда турсин

Сени кўргим келмайди.

 

Мени қоралаб ёзган,

Қўлинг олгим келмайди.

Сендан фисқ, фасод анқир

Яқин боргим келмайди.

 

Биламан мен бор жойда

Ўз ўрнинг тополмайсан.

Юзу кўзингдан аён

Чодранг йўқ ёполмайсан.

 

Қаламинг қўшиб ёқиб,

Гўримга қалаб ўтин.

Кўз олдимга турасан

Бўлиб қоп-қора тутун.

 

Нима истайсан билмам,

Муҳаббатми, меҳрми,

Сен аввал ўзингни сев

Сочма ўзгага қаҳрни.

 

Сенда нима ишим бор,

Ўзингни еб юравер.

Пешанангда нима бор

Яшаб кўриб юравер.

 

 

Сендан-ку дўст чиқмайди,

Душман ҳам бўлолмайсан.

Сен тош отдинг биринчи,

Отавер теголмайсан.

 

Қанча отилди тошлар,

Ёролмади бу бошни.

Паналарда “тош” отиб,

Қўрқитма Эркатошни.

 

Сенда нима ишим бор.

Эркатош ШУКУРОВА.

O'tgan postlar