МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИКДА ЎЗГАРИШЛАР

Барчамизга маълумки, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2019 йил 24 августда маъқулланди. Бу билан амалдаги айрим қонун, қонун ости ҳужжатларига қатор ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Булар қаторида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Давлат меҳнат инспекцияси мансабдор шахслари томонидан, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлиги ва аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ушбу кодекс 49, 49-2, 49-3, 49-4, 50, 51, 229-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маъмурий жарималар кескин оширилди.

Кўплаб эътирозлар ва таклифлардан сўнг корхона, ташкилот ва муассасалар мансабдорлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаслиги юзасидан маъмурий жазо чоралари кучайтирилди ҳамда бир йил давомида қайта содир этган тақдирда ушбу маъмурий жарималар кўпайтирилиши белгилаб қўйилди.

Масалан:

Аввалги таҳрирдаги 49-моддада мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши – энг кам иш ҳаққининг икки баробаридан беш баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўларди.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, энг кам иш ҳаққининг беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлган.

Янги таҳрирдаги 49-моддада мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш – энг кам иш ҳаққининг беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима солиниши билан белгилаб қўйилди.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган тақдирда ( бундан билатуриб ғайриқонуний ишдан бўшатиш мустасно) энг кам иш ҳаққининг ўн баробаридан ўн беш баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни вояга етмаган шахсга нисбатан содир этиш – энг кам иш ҳаққининг ўн баробаридан йигирма баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.

Аввалги таҳрирдаги 49-моддада вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки одоб-аҳлоқига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш – энг кам иш ҳақининг бир баробаридан уч баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлган бўлса, янги таҳрирдаги 49-1-моддага кўра  шундай ҳаракат– энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан йигирма баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг йигирма баробаридан ўттиз баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Маҳаллий меҳнат органлари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) мавжуд бўлгани ҳолда асоссиз равишда рад этиш, шунингдек, аввал талабнома берилган, касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан йигирма баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қонунлаштириб қўйилди.

Хулоса қилиб айтганда, бу тарзда маъмурий таъсир чораларининг кескин оширилиши ўз навбатида меҳнаткашлар хавфсиз меҳнат шароитларида меҳнат қилишлари, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ҳамда ташкилотлар мансабдорлари масъулияти янада оширилишига, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар кескин камайишига хизмат қилади.

З.АБДУРАҲИМОВ,

шаҳар бандликка

кўмаклашиш маркази давлат

меҳнат ҳуқуқ инспектори. 

O'tgan postlar