ОРЗЎЛАРИМИЗ ҲАҚИҚАТГА АЙЛАНДИ

Инсон қаерда бўлмасин бир ошиён томон ошиқади, яъни туғилиб ўсган уйи, оиласи бағрига. Ҳақиқатдан ҳам қаерда бўлмайлик киндик қонимиз тўкилган муқаддас масканда бизни кутиб турадиган оиламизнинг борлиги кўнглимизни хотиржам қилади. Лекин агар инсонни иссиқ гўшаси, шу уй-жойи бўлмасачи? Ана шу муаммо билан яшаётган бир қанча ҳамшаҳарларимизнинг орзуси ушалди. Улар юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсатнинг натижаси ўлароқ ўз уй-жойларига эга бўлдилар.

Бугун шаҳримизнинг Ноқис ва “Гўзалкент” маҳаллаларида қад ростлаган 3 та кўп квартирали уй-жойларнинг очилиш  тадбири бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов хонадон эгаларига уй-жойларнинг калитларини ва эгалик сертификатларини топширар экан, албатта келгусида ушбу хонадонларда тўй-тантаналар, яхши кунлар кўп бўлишини, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган баркамол фарзандлар вояга етишини, қолаверса мана шундай тинч ва обод, барча ислоҳотлар фуқароларининг бахтиёр ва фаровонликда яшашига қаратилган мамлакатда фақат шукур қилиб яшаш лозимлигини таъкидлади.

Яна бир қувонарли томони ушбу уй-жойларга эга бўлган шаҳримиздаги 22 нафар эҳтиёжманд оилаларнинг дастлабки тўловлари шаҳар ҳокимлиги томонидан тўлаб берилди.

Сайёр қабуллар давомида уй-жойга муҳтожлик юзасидан мурожаат қилган 3 фарзанди билан ота-онасининг уйида яшаб келаётган Замира Маҳмудова, 1 фарзанднинг онаси Нигина Ғойибназароваларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилиб шаҳар ҳокимлигининг ёрдами билан имтиёзли уй-жойга эга бўлганларидан қувончлари чексиз.

-18 йилдан буён уй муаммоси мени қийнаб келарди. Уч нафар фарзандим билан узоқ йиллар давомида “Қўшҳовуз” маҳалласида ижарада яшаб келдик. Уй-жой масаласида қилган мурожаатим, қолаверса ўз яшайдиган уйимизга эга бўлиш орзўйимиз бугун ушалди. Албатта бунинг учун барча мутасаддиларга миннатдорчилик билдирамиз,-дейди имтиёзли уй соҳибларидан бири Нодира опа Болиева.

Ҳа, бугун ўз уйларига эга бўлган ҳамшаҳарларимизнинг чин дилдан айтаётган миннатдорчилик сўзлари бугун шаҳримизда аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатларга берилган муносиб баҳодир.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

O'tgan postlar