ИНГИЧКАЛИКЛАР ИСЛОҲОТЛАРДАН МАМНУН БЎЛИШМОҚДА

Ўтган йиллар ичида юртимизда барча соҳаларда кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Булардан кўзланган асосий мақсад албатта фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг фаровон ва бахтиёрликда ҳаёт кечиришлари учун қулай шарт-шароитларни яратишдан иборатдир. Юртбошимиз айтганларидек, амалга оширилаётган барча саъй -ҳаракатлардан халқ рози бўлиши керак. Ингичкаликлар ҳам айни кунларда шаҳарчада олиб борилаётган жадал ислоҳотлардан мамнун бўлишмоқда. Зеро, бу ерга ташриф буюрган ҳар бир инсон аҳоли ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги йўлида қилинаётган улкан бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлиши шубҳасиз.

Ўтказилаётган сайёр қабулларга келиб тушган, хонадонма-хонадон юриб ўрганилган мурожаатларнинг аксариятини уй-жой муаммоси ташкил қиларди. Уй-жой масаласида мурожаат қилган ингичкаликларнинг орзулари амалга ошди. Бугун шаҳарчада амалга оширилаётган  ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ Абдулла Қаҳҳор маҳалласида жойлашган 17-сон 5 қаватли замонавий қулайликларга эга бўлган уй-жойлар ўз эгаларига топширили.

Очилиш тадбирига шаҳар ҳокимлиги, сектор вакиллари, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари ҳамда ингичкаликлар иштирок этдилар.

40 хонадонга мўлжалланган ушбу хонадонларни қайта реконструкция қилиш учун 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратилган. Янги хонадонлар Ингичка қўрғончасидаги “Нуробод” маҳалласида жойлашган авария ҳолатига келиб қолган 24 хонадонда яшаб келаётган фуқароларнинг оилалари учун мўлжалланган бўлиб,  уларга бепул тақсимлаб берилди. Шунингдек, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, уй-жойсиз бўлган 6 та оилага ҳам бепул ушбу кўп қаватли хонадондан яшаш учун уй ажратилди.

7 нафар фарзанди билан кўп йиллардан бери Каттақўрғон шаҳрида ижарада яшаб келган Кумуш Муродуллаева, Ислом Шоир маҳалласидаги ташландиқ ҳовлида 2 та фарзанди билан яшаб келган Замира Қоржовова, 1-гуруҳ ногирони 3 нафар фарзанднинг онаси Дилнавоз Ишнаева, узоқ йиллардан бери ижарада яшаб келган Зуҳра Ашуровалар уй-жойларининг калитларини олиш чоғида севинч ёшларини яширолмадилар.

-16 йилдан буён турмуш ўртоғим ва 4 фарзандим билан Каттақўрғон шаҳрида ижарада яшаб келардик. Бугунги кун хотирамизда бир умрга сақланадиган кун бўлди. Энди эрталаб уйғонганимизда ижара пулини тўлашни ўйламаймиз, бемалол яқинларимизни меҳмонга чақира оламиз, муҳими энди кўнгил хотиржамлиги билан рўзғор тебратамиз. Яна бир қувончли воқеа бугун 4 нафар фарзандимизга шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик гувоҳномалари берилди. Биз бунинг учун аввало юртбошимизга, шаҳар ҳокимлигига, сектор раҳбарига, барчага чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз,-дейди янги уй-жой эгаларидан бири Хасан Ражабов.

Тадбирлар тадбирларга уланди. Бугун яна бир хайрли иш шаҳар тиббиёт бирлашмасининг Ингичка қўрғончасидаги филали ҳам фойдаланишга топширилди. 600 миллион сўмлик таъмирлаш-қурилиш ишлари амалга оширилган шифохона барча қулайликларга эга бўлиб барча бўлимлар замонавий тиббиёт анжомлари билан жиҳозланди. 40 ётоқ ўринга мўлжалланган шифохонага “Дамас” тез ёрдам машинаси тақдим этилди.

– Юртбошимиз кўп бора таъкидлайдиларки, мамлакатда амалга ошрилаётган барча ислоҳотлардан халқ рози бўлиши керак. Чунки бу ислоҳотларнинг замирида фақат халқ учун муносиб турмуш шароитини яратишдек олий мақсад ётибди. Албатта яқин кунларда Ингича шаҳарчасида ишга тушириладиган лойиҳалар ҳам ингичкаликларнинг ҳаёт тарзини янада фаровон қилишга, бу ердаги ижтимоий-иқтисодий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз. Биз ингичкаликлар билан биргаликда янги қиёфадаги Ингичка шаҳрини бунёд қиламиз ва бунда сизнинг азму-шижоатингизга ишонамиз дея, сўз юритди тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов.

Шу куни тадбирлар доирасида “Обод маҳалла” дастури асосида шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва ингичкалик ёшлар иштирокида экологик  акция ташкил қилиниб, дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди.

Биз ишонамизки келгусида Ингичка шаҳарчаси ҳам ингичкаликлар орзу қилганидек обод ва сўлим гўшага айланади.

ҲИЛОЛА ЭРГАШЕВА    

O'tgan postlar