НИКОҲ МУҚАДДАС РИШТА

Оилалар никоҳ аталмиш муқаддас ришта орқали вужудга келади. Муқаддас нарсаларни авайлаш эса азалий қадриятларимиз ва анъаларимиздан ҳисобланади. Кексаларимиз яхши билишади, авваллари бир оилада нотинчлик бўлса ёки келин ота уйига қайтиб келса, уят ҳисобланган. Токи келин ўз уйига қайтиб кетгунича буни маҳалла-кўйдан, ҳаттоки яқинларидан ҳам яширишган. Ота учун, она учун қизининг уйига қайтиб келгани катта иснод ҳисобланган. Чунки улар оила, никоҳ ришталарини муқаддас билиб, уни ўз шаънлари билан боғлаганлар. Шаънига доғ тушишини ҳеч бир ота-она хоҳламаган.

Афсуски, ҳозирда оиладаги низолар, келиннинг уйига кетиб қолиши, эркакнинг хотин устига хотин олиши оддий ҳол, арзимаган нарсадек бўлиб қолмоқда. Эр ва хотиннинг бирга кечирган бахтли кунлари, оила, никоҳдек муқаддас ришталар арзимаган сабаблар туфайли дарз кетмоқда. Агар сабабини ўргансангиз, оила аъзоларидан ҳеч ким бу ишда ўзини айбдор деб билмайди. Улар оиладаги мажбуриятларини, вазифаларини ё яхши билмайдилар, ёки билсалар-да уни жиддий қабул қилмайдилар. Чунки оилани мустаҳкамлигини, тинчлик-тотувликни таъминлашда ҳар бир оила аъзосининг ўз ўрни бор. Агар келин келинлик вазифасини, қайнона ҳам оналик, ҳам қайноналик вазифасини, қайнота ҳам ота, ҳам қайноталигини бажарса, эр эса ота-онаси билан бирга хотини ва фарзандлари учун масъуллигини тушуниб етса, оилада бўладиган ҳар қандай тушунмовчилик ва низоларни тўғри йўл билан, фақат оила ичида ҳал этишнинг имкони бўлади.

Энг ёмони бугун оиладаги жанжалларни кўчага чиқиб кетишидан оила аъзоларида уялиш ҳисси йўқолиб боряпти. Секторлар кесимида ўтадиган сайёр қабуллар давомида бунинг гувоҳи бўляпмиз. Эр ва хотин, қайнона-келин юз пардаларини йиртиб, оиладаги муқаддас нарсаларни кўпчиликни олдида ҳеч иккиланмай очиб ташлаяпти. Бу бизнинг миллий аъналаримиз, урф-одатларимизга тўғри келмайди.

Албатта биз ёш оила қураётган келин-куёвлар билан ўтказадиган ўқувларимизда оиланинг муқаддаслиги, қайнота-қайнонага ҳурмат, оиланинг бошқа аъзолари билан дўстона муносабат, оилада эр-хотин ўртасидаги ишонч, меҳр ва садоқат туйғулари ҳақида тушунчалар бериб бориляпти. Лекин истардикки оиланинг катталари ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратсалар. Янги экилган ниҳолга ҳам вақтида ва яхши парвариш қилинсагина у мустаҳкам дарахтга айланади. Янги оила қурган ёш йигит-қизларга ҳам кўпроқ оила катталари ўз тажрибаларини ўргатсалар, уларга оила мактабидан дарс берсалар, оилани мустаҳкамлаш сирларини ўргатсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро қайноналар ҳам бир вақтлар келин, қайноталар эса куёв бўлишган.

Ситорабону РАШИДОВА,

шаҳар ФХДЁ бўлими мудири.

O'tgan postlar