УВОЛ ВА САВОБ

Бу икки калиманинг моҳиятини

англаб етганлар ва англаб етмаётган хусусида

Тўйлар ҳақида жуда кўп ёзилган, ёзиляпти. Телевидения ва радио тўлқинларида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар олиб борилмоқда. Мен бу борада тўхтаб яна таъриф этмоқчи эмасман, чунки яқинда Олий Мажлис сенатида қонунчилик палатаси томонидан тўйларни ихчам ва камхарж қилиб ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди. У янги йилдан кучга киради. Бугун мен ён-атроф, айнан Каттақўрғон шаҳри ва туманларида кун сайин авж олиб бораётган нохуш, кўнгилни хира қиладиган яқинда одат тусига кирган бир қатор ёшларнинг тўйларда қилаётган хурмача қилиқлари хусусида тўхталмоқчиман. Шубҳасиз, тўй ҳақида қабул қилинган қарор бу ёмон иллатларнинг олдини олишига ишонасан киши. Бироқ шундай бўлса-да, бугун томир отаётган айрим тўйларда одатга кириб улгурган номақбул удумларни бартараф этишда бу фикр-мулоҳазаларим фойдадан холи бўлмаса керак. Яқинда бир маҳаллада тўй маросими тугагандан кейин куёвнинг дўстлари уни табриклаш учун даст кўтариб тепага ирғитаётган пайт кутилмаганда нохуш воқеа содир бўлди. Куёвнинг жўралари ушлолмай қолганлиги сабабли у асфальтга тушиб умуртқа поғонаси синиб, бир умрга ногирон бўлиб қолди. Бир ёш қиз бахтига уларнинг бу қилиқлари зомин бўлди. Бошқача айтган куёвнинг дўстлари қош қўяман деб кўз чиқаришди.

Яна бир гап, бошқа жойлардаги аҳволни билмадим-у, лекин Каттақўрғон шаҳрида хунук бир одат пайдо бўлган. Никоҳ куни ўтказиладиган ёр-ёр кечасида ёшлар пахтани бензинга тўйинтириб, уни рақсга тушиши учун катта йўлни икки томонида ёқиб, бутун кўчани ўраб олиб одамлар ва автомашиналар қатновини тўхтатиб, хавфли вазиятни юзага келтиришмоқда. Уларни бу қилиғи яқинда фожеа билан тугади. Бир машина бесабрлик қилиб олов устидан юриб портлаб кетди. Ҳайдовчи йигит оламдан ўтди. Санг устига порсанг – деганларидек ёшлар ўртасида келинникига куёвни олиб бориш пайтида куёв жўралар уларни ҳурмати учун ёзилган дастурхонга ўтиришгач, жўр овоз бўлиб худди тиланчилардек бор овозлари билан ароқ сўрашади. Энг қизиғи тўй эгаси ароқ бермаса куёв жўралар дастурхондаги бор чойнак, пиёла, коса, товоқларни ерга уриб синдиришади. Улар ароқ берилмагунча ёввойилашиб, тинчишмайди. Бундан ҳам баттари эса куёвни чимилдиққа киргизишда хонадаги ойна ва лампочкаларни атайлаб синдириб, келинбардорлик қилиб ўтирган онахонларни босиб-янчиб, уларни соғлигига жиддий зарар етказишади. Бундан ташқари бугун тўйларда ортиқча сарф-харажатларга йўл қўйилиб исрофгарчилик қилинмоқда.  Халқимизда тўйга борсанг, тўйиб бор, эски кийимингни қўйиб бор деган гап бор. Тўйга ҳеч ким бўкиб овқат ейиш ёки тўйиб ароқ ичиш учун бормайди, балки дийдорлашиш, бир-бирини кўриб дилдан суҳбатлашиш учун боришади.   Бир нарсага хайрон қолади киши, тўйларни камхарч, ихчам ўтказиш ҳақида қатор йиллардан бери гапирилиб келинади. Бироқ, айрим одамлар аксинча қилиб кундан кун тўйларни дабдабали, довруғи оламга таралишини истаб , сохта обрў олиш учун ким ўзарга бу маросимларни ўтказмоқдалар.

– Халқимизда увол ва савоб деган гап бор. Наҳотки, одамларимиз ана шу икки пур ҳикмат гапни маъносига етмай, уни моҳиятини англамай кўр-кўрона иш қилмоқдалар, – дейди меҳнат фахрийси кекса педагог А.Хайдаров. – Одамларга нима бўляпти ўзи, нега биз кексалар ўз фарзанларимизга увол ва савоб ҳақида, исрофгарчилик тўғрисида гапирмай қўйдик. Ахир биз кекса авлод очарчилик, йўқчиликни кўрганмизку. Бир бурда нонни қадрини яхши биламизку, болаларимиз, набираларимиз тўйларда бирон яхши кунида қилаётган номақулчиликларини кўриб, индамаяпмиз. Яна бир гап тўйларда ёш қизларимиз келинчаклар ярим яланғоч бўлиб даврани ҳеч кимга бермай ўйинга тушишади, ўзларини кўпчиликка кўз-кўз қилишади. Ор-номус, виждон қаерда қолди. Европадан андоза олмайлик, ўзбекчилигимизни унутмайлик.

– Бугун тўйларни ихчам ўтказиш тўғрисида низом ва қарорлар тасдиқланди, энди ҳеч ким четда туришга ҳаққи йўқ, айниқса, маърифат ва маънавият кишилари, – дейди Каттақўрғон шаҳридаги 14-умумий ўрта таълим мактаби директори У.Шарипова. – Биз ўқитувчилар, маъориф ходимлари ҳам белни маҳкам боғлаб, юқори синф ўқувчилари ва ёшлари дунё тамаддунида катта обрў-эътибор олган аждодларимиз обрўйига путур етказмайлик.

Тўйхўрларга ҳам икки оғиз гапимиз бор, тўйга айтилганмисиз, орқангиздан беш-олти кишини эргаштирманг, тўйчини имкониятини ҳисобга олинг. Шу ўринда яна бир гап. Маҳалла оқсоқоллари, кенг жамоатчилик, ҳокимият ходимлари энди фурсат кутманг қарор қабул қилинди, энди амалий ишга киришиш керак.

Азим ҚОДИРОВ.

O'tgan postlar