КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ УСУЛЛАРИ

Коррупция –– бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллат ҳисобланиб, бу иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказмасдан қолмайди

Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.

Шу ўринда коррупциянинг тарихий илдизларига бир назар ташасак.

Коррупция (лот. бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

Коррупциянинг асл тарихий ўзаклари жуда қадимга бориб тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу оддий ҳолат сифатида қаралган бўлсада, ҳозирги пайтга келиб, давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказийлашуви коррупциянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди.

Тарихда айрим давлатларни айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги ҳозиргача сақланиб қолган манбалардан маълум. Дунёдаги мавжуд динларда ҳам биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ қораланади.

Мисол учун, Инжилда “Совғаларни қабул қилма, чунки совға кўрни кўрадиган қилади ва ҳақиқатни ўзгартиради” дейилган бўлса, Қуърони Каримда “Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар” дейилган.

Кейинчалик йиллар ва аслар ўтиши билан сиёсий партияларнинг вужудга келиши ва уларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрнининг ошиб бориши XIX-XX асрларда ривожланган давлатларда коррупциянинг дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан анча камайишига олиб келди. Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби давлатлар коррупцияга қарши курашда юқори натижаларга эришган бўлиб, уларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашда муҳим ўрин эгаллайди.

Яъни, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган нормаларни конституциявий назорат органи томонидан конституцияга зид деб топиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш каби методлардан унумли фойдаланиш ушбу давлатларни коррупция даражаси жуда паст бўлган давлатлар қаторига олиб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига 2008 йил 7 июлдаги ЎРҚ-158-сонли Қонуни билан қўшилган бўлиб, ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Адлия вазирлиги коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда бошқа Иштирокчи-давлатларга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган органлар сифатида белгилаб қўйилган.

Коррупцияга қарши курашда жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики фақатгина жиноий қонунчиликни оғирлаштириш йўли билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди. Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш лозим бўлади.

Баходир ҚАРШИЕВ,

Вилоят ҳокимлиги Юридик хизмат

бош юрисконсульти

O'tgan postlar