ҚЎШНИЧИЛИК

’’Ховли олма қушни ол’’ , ’’Ён қушнинг-жон қушнинг’’

Қўшнинг тинч сен тинч деган пурмано нақллар бекорга айтилмаган халқимиз орасида. Бу доно сўзлар замирида  олам-олам маъно мужассам.

“Ҳовли олма қўшни ол” дегани нимаси деб, савол туғилиши мумкин, зероки, қўшнинг  яхши бўлса, оқибатли диёнатли бўлса, ўша ҳовлида роҳат, фароғатда яшайсан. Уйқуларинг тинч, кунларинг хотиржам ўтади. Агар қўшнинг… худо кўрсатмасин ҳар кун бақириқ, чақириқ, уруш, жанжал, қулоқни қоматга келтирувчи ажнабий мусиқалар, хуллас, бир нима демоқчи бўлсангиз, бўғзингиздан олишлари умрингизнинг заволидир.

Яхши қўшни узоқдаги қариндошдан ҳам аъло деган гапда ҳикмат бисёр.  Ҳаётда ҳар қандай ҳолат рўй бериши мумкин.

Баъзан ёлғиз қолиб тобингиз қочиб қолса, яқинларингиз келгунига қадар,  шу қўшнилар жонингизга оро киради. Ёки тўй, маърака қилиб қолсангиз, мўлжалингиздан сал кўпроқ  меҳмон келиб қолса, стол, стулга муҳтожлик сезсангиз, уйингиз меҳмонларга торроқ бўлиб қолса, ҳижолат тортганингизни сезган фаросатли қўшни дарров эшигини очади, марҳамат мехмонларингизнинг бир қисмини  бизникига ўтказинг дейди очиқ чеҳра, очиқ кўнгил билан. Оқибатли қўшни шунақа бўлади-да, аслида.

Яна қўшнилар ўртасида “бор тавоғим, кел, тавоғим, бормасанг, келмасанг, ўрта ичида син тавоғим, деган чиройли удумлар бор эди бир пайтлар.  Аяжоним раҳматли тандирда нон ёпсалар, дарров қўшниларга битта нон кулчаси билан чиқардилар болалигимда.  Ёки танқис бирор таом пиширсалар ҳам қўшниларга илинардилар . Қўшниларимиз хам шундай қилишарди. Қандай гўзал,  қандай ажойиб  уруф-одат.

Яна ибратлиси шундаки , бирор зарур ишлари чиқиб қолса агар, қўшнилар ҳаттоки бешикдаги боласини бешиги билан ҳам бемалол қўшнига ишониб, ташлаб кетишарди. Улар ҳам ўз боласидай бағрига босиб, қараб турарди, қўшнининг боласига. Ҳозир шуларни ёзяпману, ўша болаликнинг беғубор, энг ширин дамлари кино тасмасидай кўз олдимдан бирма-бир ўтяпти.

Ўша пайтлар эрта тонгдан пок ниятлар билан очилган дарвозалар ярим тунгача  очиқ турарди. Биров сўраб, суриштириб келса, ҳоўзиргидай соатлаб энсаси қотиб, дарвоза тақиллатмас, очилмаган дарвоза ёнидан хафа бўлиб кетмасди. Яна шуниси қизиқки , ҳар бир ҳовлида ён қўшниникига ўтадиган муъжазгина дарчалар бўларди. Шу дарчалар орқали бутун бир маҳалла-гўзарни айланиб чиқса ҳам бўларди. Қандай ажойиб! Ҳозир-чи, кўчадан келамизу, кира сола дарвозани қулфлаймиз. Шу билан эртаси кунгача, зарурат туғилмаса, дарвоза очилмайди ҳам.

Яна энг ёмон одат, биров қўшнини йўқлаб, сўроқлаб келса бўлди, баъзи бир “тили узун”ларнинг ғийбат бозори қизийди. Қўлоғи ҳам , “тўрт”та кўзи ҳам ўша томонда бўлади. “Ўғли-ю қизи бир иш қилиб қўйдимикан, деб тирноқ тагидан кир излай бошлашади. Йўқ жойдан ҳар-хил “миш-миш”лар тарқатишади. Қизини сўраб келган совчиларга ўзлари билмаган, эшитмаган, эҳе, қанча- маломатлар тўқишади. Қани кейин эл оғзига элак тутиб кўринг-чи! Ана шунақа беоқибат, бемаъни қўшнилардан худо асрасин.

Дадамлар янги иморат солиб, у қайта канализация бўлмаган, чиқинди сувлар учун чуқур, инсон эҳтиёжи учун зарур жойларни  қўшниларга ҳалақит бермайдиган жойларга мўлжаллаганлар. Майда-чуйда бўлиб кўринсада, энг муҳим томонларни ҳам ҳисобга олганлар. Ҳозир-чи, баъзи қўшнилар дарвозасининг олдини супуриб, чиқиндисини қўшни томонга суриб қўядиганлар ҳам топилади.

Атайлаб жанжал чиқариб роҳатландими, бекорчиликдан, ёки можаро қилмаса “касал”и қўзийдими  ҳар  қалай  бировни ҳақорат қилиб “мазза” қиладиганларнинг орамизда борлиги кўнгилларни оғритади. Беандиша бунақа аёллар тарбиялаётган фарзандларидан нима кутиш мумкин? Бу каби аёллар жамиятимизнинг “яра”лари десак ўринли бўлади шекилли.

Шу жойда Аллоҳнинг бизга берган беминнат неъмати, хаёт манбаи бўлган сув ҳақида  айтиб утмоқчиман  Сув -бу обиҳаёт, Сувсиз ҳаётнинг ўзи йўқ. Уни беҳуда сарфлашнинг ўзи куфрдир. Айниқса ёзнинг жазирама иссиқларида сувнинг танқисланиб, тортилиб қолиши ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай пайтда кўпчиликнинг ризқи бўлган сувни қўшшалаб мотор билан фақат ўзиниг эҳтиёжи учун тортиб оладиганларга нима дейиш мумкин?  Кўпчилик челак кўтариб, сув излаганда, бирор марта ҳам сув изламаган, беандиша қўшнилар сизга томошабин бўлиб ўтирганини кўриб, ғазабинг ошади албатта, лекин нима ҳам дердингиз худога солиб қўяверасиз-да. Ўз манфаатини ўйлайдиган бундай кимсаларни қўшни дейишга тилингиз бормайди

Бироқ биз кундан-кун ривожланиб, фаровонлашиб бораётган инновацион ғоялар замонида яшаяпмиз. Ўзига, хонадонига, жамиятга бефарқ  кимсалардан эса Яхшилик кутиб бўлмайди.  Масалан, икки қўшни арзимас бир нарса учун тортишиб, охири катта жанжалга айланса ҳам, узоқдан томошабин бўлиб туриш  бизнинг мусулмончиликка тўғри келмайди-ку.  Бугун у билан можаро қилган бўлса, эртага сиз билан шунақа тортишиб бўлса, қанақа булади? Олдинлари бунақа тортишувларга ёши улуғлар  аралашиб,  дарров тинчитишган, ўзаро келиштиришган,  дарров яраштиришган . Қўшни аёллар  бир-бирлари билан опа-сингилдек, эркаклар бир-бирлари билан ака-укадек меҳрли оқибатли бўлишган. Уй қуришса, уста чақирмасдан ҳам ҳашар йўли билан битказишган.

Ҳозир-чи, ҳозир вақт йўқми, ҳафсала йўқми, меҳр-оқибат йўқми, инсоф йўқми, иймон йўқми? Ёки ҳамма “ўзим бўлай”га ўтиб кетганми? Бор, истасак ҳаммаси топилади. Фақат озгина эътибор, керак холос. Қалбимизга ўрнашиб олган, кундан-кунга меҳр деган нарса танқис бир туйғуни емирадиган ҳасаддан халос бўлишимиз керак. Зеро, қўни-қўшничилик, дўсту-қадрдонлик  муносабатлари ҳар биримизнинг инсонийлимк бурчимиздир.

Эркатош ШУКУРОВА

O'tgan postlar