ОЛИЙ МАҚСАДЛАР САРИ ДАДИЛ ҚАДАМЛАР

Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчи – мураббийликдир. Зеро ўз касбининг жонкуяр, фидойи эгалари устозлар машаққатли касблари ортидан шогирдларини Ватан равнақи йўлида комил инсонлар қилиб тарбиялашда ҳеч ҳам чарчашмайди. Улар ҳатто пенсияга чиқиб, кексалик гаштини сурадиган дамлар келганда ҳам ёшларга панд-насиҳат қилиб, йўл-йўриқ кўрсатиб, тарбия беришда давом этадилар.

Бугун шаҳримиздаги таълим муассасаларида юзлаб ана шундай фидойи устозлар меҳнат қилмоқда. Жумладан, шаҳримизнинг ўз салоҳияти, кўрки ва нуфузига эга бўлмиш 11-ихтисослашган умумтаълим давлат мактабида ҳам барча эришилаётган ютуқларда уларнинг ҳиссалари катта. Мактабдаги барча  педагог ходимларнинг самарали фаолияти ўқувчи-ёшларни билимли, кенг дунёқарашли, одобли ва интизомли қилиб вояга етказишга қаратилган. Ушбу муассасада ўқувчи-ёшларга муносиб таълим-тарбия бериш билан бирга фидойи устозларнинг саъй-ҳаракати билан  дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳам яхши йўлга қўйилган. Бунинг учун турли тугараклар ташкил қилинган бўлиб, ўқувчи-ёшлар кенг  жалб қилинган.

Буларнинг натижаси ўлароқ, ўқувчи-ёшлар турли кўрик-танлов, беллашувларда ғолибликни қўлга киритиб, мактаб ва шаҳримиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Яқинда мактабнинг аълочи ўқувчиларидан иборат “Регистон” жамоаси “Мунозара” республика кўрик-танловида фахрли 1-ўринни эгаллагани фикримизнинг исботидир. Умуман мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиларининг қўлга киритаётган ҳар бир ютуғидан биз ота-оналар ҳам жуда қувонамиз. Имкони борича устозлар билан ҳамкорликни кучайтириб, турли тадбирларда фаол қатнашиб, ана шу ютуқларга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз.

Биз, ота-оналар, фарзандларимизнинг ана шундай намунали мактабда таълим ва тарбия олаётганидан мамнунмиз. Мактаб жамоаси билан ҳамкорликни янада кучайтириб, фарзандларимизнинг баркамол вояга етишлари учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Зеро,  фарзандларимизнинг тақдирига бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ.

Озода ҲАЛИМОВА,

                                                                                мактаб ота-оналар қўмитаси аъзоси.

O'tgan postlar