КАТТАҚЎРҒОНДА САЙЁР ҚАБУЛ

Ҳар бир мурожаат инсон тақдири билан боғлиқ. Айнан мана шу мурожаатлар орқали аҳолини қийнаётган муаммолар ҳал этилиб, уларнинг турмуш шароитини яхшиланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам халқни ҳаётдан рози қилишга қаратилган.  Аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва шу орқали мавжуд муаммоларни аниқлаш мақсадида шаҳримиз миқёсида ҳам шаҳар ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан  уйма-уй юришлар, сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.

Яқинда шаҳримиздаги “Дўстлик” стадионининг катта залида фуқароларнинг мурожаатлари бўйича навбатдаги оммавий сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг мутасаддилари вилоят ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси  Гавҳар Алимова, вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Хасан Нормуродов, вилоят корхона ва ташкилот раҳбарлари, шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов, сектор раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Каттақўрғон шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Хамротош Шодиевалар иштирок этдилар.

Қабул давомида нафақат шаҳримиз, балки Каттақўрғон, Иштихон, Пастдарғом, Нуробод, Оқдарё  ва Каттақўрғон туманларидан ташриф буюрган 200 дан ортиқ фуқароларнинг ишга жойлашиш, йўлларни таъмирлаш, кредит олиш, уй-жой олиш, моддий ёрдам, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ичимлик суви, фуқаролик паспорти олиш каби масалалар бўйича қилган мурожаатлари кўриб чиқилди.

Қабул давомида шаҳримиз фуқароларидан тушган  мурожаатларнинг бир қанчаси жойида ҳал қилинди.

Шаҳар ҳокимлигининг ёрдами билан имтиёзли уй-жой олган Гулчеҳра Алибекованинг уй жиҳозлари олишда моддий ёрдам сўраб қилган мурожаатига вилоят касаба уюшмаси томонидан пул ажратиб бериладиган бўлди.

– 6 ёшли қизим Азизага икки томонлама сенсоневрал эшитиш заифлиги ташхиси қўйилган. Жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 146 миллион сўм маблағ керак. Ҳозирда шу пулнинг ярми йиғилган. Қабулга шу борада қилган мурожаатимизга ижобий ечим топилишини айтишди. Яқин кунларда бунинг натижаси бўлишига ишонаман,- дейди қизалоқнинг онаси Гулхаё Каримова.

Албатта, мурожаатларни қонунан, ижобий ҳал этиш орқалигина фуқароларда бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ишонч, ҳаётдан розилик ҳиссини шакллантириш мумкин.

 

Жамшид НОСИРОВ,

шаҳар  ҳокимлиги  Ахборот хизмати раҳбари

O'tgan postlar