СЎРАНГ ЖАВОБ БЕРАМИЗ

Мен шаҳар Тиббиёт бирлашмасига ҳеч бўлмаганда 0,25 ставкага бўлсада ишга қабул қилишларини сўраб мурожаат қилганимда бўш иш ўрни йўқлигиии, 0,5 ставкага ишга олиш мумкин эмаслигини айтишди. Шу масалага ойдинлик киритсангиз.

Л.НАЗАРОВА, Каттақўрғон шаҳри

Биз ушбу масалага ойдинлик киритиш ҳамда ишга жойлашиш масаласида шаҳар Тиббиёт бирлашмасида белгиланган тартиб-қоидалар билан танишиш мақсадида бирлашма раҳбари Шоира Абдуллаева ҳамда ҳуқуқшунос Улуғбек Бобомуродовга мурожаат қилдик ва улар Тиббиёт бирлашмасига ишга олиш тартиби юзасидан бизга қуйидагиларни маълум қилдилар.

ШОИРА АБДУЛЛАЕВА

Аҳоли муммоларини ўрганиш юзасидан уйма-уй юришлар, ўтказиладиган сайёр қабулларда фуқароларнинг аксарияти иш масаласида мурожаат қиладилар. Ишга олиш тартиби ва қоидалари ҳақида уларга тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Баъзилари тўғри тушунади. Лекин айрим фуқаролар умуман тушунишни истамайди. Биз хоҳлаймизми йўқми ҳар бир ишни ўз қонун-қоидаси бор. Бирлашма 395 ўринга мўлжалланган бўлиб, шундан  95 ўрин тўғруқ мажмуаси, 85 ўрин жарроҳлик бўлими, 80 ўрин ички касалликлар, 40 ўрин юқумли касалликлар, 20 ўрин шошилинч тиббий ёрдам бўлими ва болалар бўлими 75 ўринни ташкил қилади.  Стационар ўринларнинг 35 таси Ингичка Тиббий Санитария бўлимига тегишли.

Штатларнинг умумий сони 1292,25 ни ташкил қилади, шундан врачлар 314,75, ўрта тиббиёт ходимлари 624,75, кичик тиббий ходимлар 250,25 ва бошқа ходимлар 102,5 штатни ташкил қилади.

Ҳозирда бирлашмада ишлаётган 177 нафар врачларнинг 8 нафари 0,5 ставкада (ўриндошлик асосида) фаолият юритмоқда. Шунингдек, 737 нафар ўрта тиббиёт ходимлари бўлиб, уларнинг 223 нафари 0,75 ва 113 нафари  0,5 ставкада, 304 нафар кичик тиббий ходимларнинг 90 нафари 0,75 ставка, 63 нафари эса 0,5 ставкада ишлайди.

Мурожаат қилганларни ишга олиш учун ишловчиларни ставкаларини камайтиришга тўғри келади. Табиийки бу ҳолат ходимларни моддий шароитига салбий таъсир қилиши, натижада эса жамиятни таназзулга олиб келувчи иллатлардан бўлган коррупция ва таъмагирликнинг юзага келишига имкон беради. Албатта бунга йўл қўйиб бўлмайди.

УЛУҒБЕК БОБОМУРОДОВ

Айрим фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмалари етарли эмаслиги кўпгина тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Айнан иш юзасидан мурожаат қилган фуқароларга иложи борича буни қонун йўли билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Қонун нуқтаи-назаридан оладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг  2019 йил 21 январдаги “Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида  тиббиёт ходимларини ишга қабул қилишда  коррупциянинг олдини олиш билан боғлиқ  чора-тадбирлар тўғрисида”ги буйруғида тизимдаги даволаш профилактика  муассасаларига охирги йилларда кўпчилик тиббиёт ходимлари ярим, айрим ҳолларда 0,25 ставкада  ишлаб келгани, бу эса ходимларнинг моддий таъминотининг камайишига, натижада таъмагирлик ва коррупция иллатларини келиб чиқишига сабаб бўлиши қайд этилган.

Ўзбекистон  Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 19-20 моддаларида ходимларнинг коррупция каби ҳуқуқбузарликлар содир этишига йўл қўймаслик ва уларни самарали ҳимоя қилиниши ва моддий таъминот олишларида тенг имкониятлар яратилиши назарда тутилганлигини эътиборга олган ҳолда 2020 йил 1 февралдан соғлиқни сақлаш тизимидаги барча даволаш-профилактика муассасаларида қоида тариқасида асосий иш жойига тиббиёт ходимларини фақат тўлиқ ставкага ишга қабул қилиш тартиби белгиланган. Шунингдек, буйруқ билан барча даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларига юқорида белгиланган қоидаларга риоя этилиши ва сўзсиз бажарилишини шахсий назоратга олиш юклатилган.

Демак бўш иш ўрни йўқ бўлган бир вақтда янги иш ўрни очиш учун қайсидир тиббиёт ходимини ставкасини камайтиришга тўғри келади. Бу эса буйруқда белгиланганидек мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 0,5 ва 0,75 ставкада ишлаётган тиббиёт ходимларини 1.0 ставкада ишлашларини таъминлаш борасидаги  топшириқларига кўра 2020 йил февраль ойидан ишга олишга қатъий сабаб булмаса 0,5 ва 0,75 ставкага ишга олишга йўл қўйилмайди. Акс ҳолда бу тегишли тартиб-қоидаларнинг  бузилишига олиб келади. Агар ҳақиқатда ҳам керакли мутахассисга эҳтиёж бўлса бу тегишли қонун талаблари асосида ишга олиш амалга оширилади.

 

                                                                                              Суҳбатдош Ҳилола ЭРГАШЕВА 

                                                                                                               Мутахассис маслаҳати

O'tgan postlar