БРУЦЕЛЛЁЗДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Ҳайвонларнинг бруцеллёз (қораоқсоқ) касаллиги табиатда кенг тарқалган – зооантропоноз касаллик ҳисобланиб, ҳайвонларда оммавий бола ташлаш, маҳсулдорликнинг камайиши, ёш молларнинг яшовчанлигининг пасайиши билан, баъзан эса клиник белгиларсиз кечади. Касаллик инсонларда касал ҳайвонлардан юқади ва оғир асоратлар билан кечади, асосан таянч тизимини зарарлаб, инсонларни хатто ногиронликка ҳам олиб келиши мумкин.

Бруцеллалар ташқи муҳит шароитида анча чидамлидир: музлатилган гўшт маҳсулотида 1,5 йилгача яшайди, хом ва яхши пиширилмаган гўштда 30 кун, бринза ва пишлоқда 15-40 кун, сутда 3-4 кунгача ўзининг касаллик чақириш қобилиятини сақлайди. Иссиқликка чидамсиз, 70°С ҳароратда 30 дақиқада зарарсизланади ва қайнатилганда дарҳол фаолсизланади.

Табиий шароитда ҳайвонлар асосан бруцеллез қўғатувчиси билан зарарланган ем-хашак, сув орқали, кўз ва бурун бўшлиғининг шиллиқ пардаси орқали, шунингдек, жароҳатланган тери ҳамда ҳайвонларни уруғлантиришда ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилинмаганда касаллик юқади. Касаллик кўпинча клиник белгиларсиз ўтади, яъни ҳайвонда ҳеч қандай ноодатий белгилар кузатилмайди.

Яқин-яқинларга қадар инсонларнинг касалланиши бевосита касал ҳайвонлар билан яқин алоқада бўлишидан деб ҳисобланар эди, аммо бугунги  кунда бу касаллик ҳайвонлар билан умуман алоқадор бўлмаган инсонлар орасида ҳам учраяпти. Сабаби, инсонларнинг чорва маҳсулотига бўлган талабни қондириш мақсадида айниқса шаҳар ҳудудларида кўча-кўйда сут маҳсулотлари билан савдо қилувчи «тадбиркорлар» орқали ветеринария кўригидан ўтказилмаган маҳсулотларини ҳарид қилишидир. Айниқса, бу баҳор ойларида – организмда юқумли касалликларга қарши курашувчи иммун тизимининг кучсизланиши кузатиладиган пайтда жиддий тус олади.

Касалликни олдини олиш йўли бу қарамоғимиздаги уй ҳайвонларни доимий ҳудудий ветеринария мутахассислари кўригидан ўтказиб бориш, бруцеллёз касаллигига қарши йилига камида 1 марта (соғин сигирлар 2 марта) серологик текширилиши ҳамда зарур ҳолларда эмлаш тадбирларини ўтказишдан иборатдир.

Ёдда тутинг! Кўча-кўйда тегишли ветеринария маълумотномасиз ёки келиб чиқиши номаълум бўлган сут маҳсулотларини сотиб олмаслик, сотувчидан албатта тегишли ветеринария хулосасини сўраб олиш, хом сут истеъмол қилмаслик; гўшт маҳсулотларини кичик бўлакларда бир соатдан кам термик ишлов бермаслик каби оддий қоидаларга доимо риоя қилинг!

Мана шу оддий қоидаларга амал қилишингиз Сизни, оила аъзоларингизни айниқса болаларни бруцеллёздан сақлашини унутманг!

Фозил АШУРОВ,

Каттақўрғон шаҳар Ветеринария ва

    чорвачиликни ривожлантириш бўлими – бошлиғи.

O'tgan postlar