КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ НИМА?

Вирусли  юқумли  касалликлар  ҳозирда  ҳам  тиббиётнинг  долзарб муаммоларидан биридир. Ер юзида ҳозирги вақтда миллиардлаб одамлар у ёки бу турдаги вирусли юқумли касалликлар билан касалланадилар. Юқумли  касалликларнинг 80% ини  вирусли касалликлар ташкил этади.

Хозирги  пайтда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотига кўра, Хитой Халқ республикасида коронавируснинг янги типи эпидемияси юзага келган.

Ухан шаҳрида ўтказилган эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, айрим касалланган беморлар маҳаллий денгиз маҳсулотлари савдо бозорларида ишлаганлиги маълум бўлган.

Беморларнинг кўпчилиги тана ҳароратининг юқорилиги ҳамда нафас олишининг қийинлашишидан шикоят қилган. Кўкрак қафасининг рентгенография хулосасига кўра, айрим ҳолатларда беморларнинг ўпкалари шикастланган. Коронавирус инфекциясининг асосан ҳайвонлардан юқиши тахмин қилинган. Бугунги кунда эса ушбу касалликнинг одамдан-одамга юқиши маълум бўлган ва 14 нафар тиббиёт ходими ҳам мазкур хасталикни юқтириб олган.

Маълумот ўрнида: Янги аниқланган вирус беморларда пневмонияни келтириб чиқаради. Коронавируслар оиласи таркибига етарлича кўп вирус киритилади, аммо улардан фақат олтитаси (ва янги вирус билан етти) одамга юқиши мумкин. Коронавирус инфекцияси ўртача шамоллашдан ўлимгача олиб келиши мумкин.

Патогенези. Етарлича ўрганилмаган, бу вирус катталарда юқори нафас йўлларини, болаларда эса ўпка ҳамда бронхларни зарарлайди. HЕCV-24 ва HЕCV-25 одам коронавируслари гастроэнтерит билан касалланган болалар нажасидан ҳамда тарқалган склероз билан касалланганларнинг бош миясидан топилган.

Клиникаси: Касаллик клиникаси вирус юққандан сўнг 2-4 кун ўтгандан кейин  намоён  бўлади.  Касаллик  ўткир,  тана  ҳароратининг  ошиши,  яққол ривожланмаган умумий заҳарланиш белгилари билан бошланади. Шунингдек, болаларда нафас олганда кўкрак қафасида оғриқ, йўтал, қуруқ ҳуштаксимон хириллашлар эшитилади. Коронавирус  инфекцияси ўткир пневмония билан асоратланиши мумкин.  Кўкрак қафаси рентгенографиясида ўчоқли ёки интерстициал инфильтратлар аниқланади.  Оғир  ҳолларда  нафас  олиш  аъзолари  фаолияти  ёмонлашиб, иккинчи  ҳафтада  касаллик  респиратор  дистресс-синдром  ривожланиши,  катталарда  бу  турли  аъзолар  дисфункцияси  билан  кузатилиши  мумкин.  Баъзан бўйин лимфа тугунлари катталашади. Коронавирус  инфекциясининг ўткир гастроэнтерит кўринишида кечиши ҳам аниқланган. Бу касаллик 1-3 кун давом этади ва бемор тўлиқ тузалади.

Коронавирусли инфекцияларнинг ташхис таянч белгилари:

Кўпинча короновируснинг янги тури (NCoV) ўртача оғир ҳолатда кечади. Лекин хавфли гуруҳларда ушбу касаллик оғир кечади ва асоратлар вужудга келиши мумкин.

Ушбу касалликда, ўз-ўзига ташхис қўйиш ва ўз-ўзини даволаш хавфлидир, оғир асоратларга олиб келиши мумкин.

Касалликни олдини олиш қоидалари

  • Коронавирус келтириб чиқарадиган касалликлар қайд этилган давлатларга боришдан олдин эҳтиёт чоралари билан батафсил танишиш.
  • Тирик ҳайвонлар билан савдо қилинаётган бозорларга ташриф буюрувчилар, ҳайвонлар ёки унинг маҳсулотлари билан мулоқатда бўлувчи шахслар мунтазам равишда умумий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, ҳар бир мулоқотдан сўнг қўлни совунлаб ювиш, ювмасдан қўл билан юз, оғиз ва бурунни ушлаш маън этилади.
  • Номаълум ва касалланган ҳайвонлар, шунингдек уларнинг хом ашёлари билан мулоқот қилмаслик талаб этилади.
  • Пиширилмаган ва чала пиширилган ҳайвон гўшти хамда уларнинг маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади.
  •  Юқоридаги қоидаларга айниқса, бозорлар ва молларни сўйиш пунктларида ишловчилар ҳамда ветеринария ходимлари қатъий риоя этишлари шарт.
  • Ишловчи ходимлар иш жараёнида ҳимоя кийимлари, ниқоб ва қўлқоп билан ишлаши талаб этилади. Ишлатилган ҳимоя кийимларини хар куни зарарсизлантириш талаб этилади ва уйдагилар ушбу анжомлар билан мулоқотда бўлмасликлари шарт.
  • Овқатланишдан олдин ва кўчадан келганда қўлларни совунлаб ювиш талаб этилади.
  • Тирик ҳайвонларни сотиш жойларида, гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан савдо қилувчи жойларда, намлиги юқори бўлган савдо жойларида мунтазам равишда дезинфекция ишлари олиб борилиши талаб этилади.
  • Юқори нафас йўллари ўткир касалликларига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганда касаллик юқишининг олдини олиш мақсадида тиббий ниқобдан фойдаланиш шарт.

Коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатларидан келган  шахслар учун:

  • Агар коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатлардан келгандан сўнг 14 кун ичида касалликнинг аломатлари кузатилса, зудлик билан шифокорни уйга чақириш;
  • Касалликни бошқа оила аъзоларига юқтирмаслик учун мулоқотни чегаралаш, алоҳида идиш–товоқдан фойдаланиш (фойдаланилган идиш–товоқларни совунли, қайноқ сувда ювиш);
  • Беморни парвариш қилаётган қариндошлари тиббий ниқобдан фойдаланиш ва бемор билан ҳар мулоқотдан сўнг қўлларини совунлаб ювиш;
  • Касаллик тузалгунга қадар зарурият бўлмаса ташқарига чиқишни чегаралаш.

Нилуфар ИРКИНОВА,

шаҳар Тиббиёт бирлашмаси

Юкумли касалликлар бўлим мудири.

O'tgan postlar