АЖОЙИБ ИНСОН ЭДИ

Жамиятимизда шундай аёлларни биламан, у ҳаётлик даврида ўз ўрнини топа олдими, ўтгандан кейин ҳам уни ҳеч ким унутмайди, унутолмайди…

Хуршида Каримова 1967 йилда Каттақўрғонда туғилган. У иқтисодиёт коллежи директори эди. Унинг отаси Рашид ака Каримов, онаси Санам ая Каримова Хуршиданинг суянган тоғи, ишонган боғи эдилар. Серфарзанд оила, сердавлат оила дейишади. Рашид аканинг кичкина Ватан аталмиш бу оилада кечки пайт меҳрибон волидаи муҳтарама тайёрлаган мазали таом устида, оилавий дастурхон атрофидаги суҳбатлар байрамга айланиб кетарди. “Дадам раҳматли ҳар куни опаларим, акаларимнинг кундаликларини – олган баҳоларини текширардилар. Мен олган “беш”ларим билан болаларча бир қувонч билан ҳаммага мақтанардим. Мактабда аъло баҳоларда ўқирдим” деб эсларди суҳбатлашган чоғларимизда Хуршида. “1974 йили Каттақўрғон шаҳар 4-ўрта мактабнинг 1-синфига ўқишга бордим. 1984 йилда мактабни битириб, Каттақўрғон шаҳар План-иқтисод техникумига ҳужжатларимни топшириб, 1986 йили мазкур техникумнинг имтиёзли дипломи билан, Тошкент Халқ Хўжалиги институти талабаси бўлишга муяссар бўлдим. Олийгоҳни тугатиб, 1990 йилдан бошлаб, ўзим таълим олган илм масканида меҳнат фаолиятим бошланди. 1995 йили турмушга чиқдим. Шаҳризода исмли қизим бор” деб ёзган эди, у ўз таржимаи ҳолида. Оддий таржимаи ҳол, аммо, мазмунли.

Хуршида Каримова техникумда ишлаб юрган кезларида ўзининг ишчанлиги, жамоат ишларида фаоллиги билан раҳбарият эътиборига тушди. Тез орада унга бўлим мудирлигини ишониб топширишди. Кейинчалик эса, кўп йиллар, то умрининг охирига қадар План-иқтисод коллежи директори вазифасида ишлади.

Хуршида Каримова раҳбарлиги даврида ўқувчи-талабаларнинг билим савияси, кўникма ва малакаларини назорат қилиш рейтинг тизими тўғрисидаги Низом асосида ўзлаштириш даражаси 96%, 100%ни ташкил этган эди. “Эртамиз эгалари бўлмиш йигит-қизларимизнинг ҳаётда ўз ўринларини топиш нафақат ота-оналари, балки бизнинг ҳам зиммамизда” деб таъкидларди у.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг муовини, шаҳар хотин-қизлар қўмитасининг раиси Феруза Шавкатовна Рахимова шундай эслайди. “Хуршида Рашидовна ўта самимий, камтарин, қаътиятли, куюнчак раҳбар хотин-қизларимиздан эди. Берилган топшириқларни маъсулият билан, важ, баҳона қилмасдан ўз вақтида бажарарди. Баъзи бировлар бир умр яшаб ҳам тополмаган эътибор, эъзозга сазовор аёл эди. Бирор иш билан бориб қолсам, ҳар доим ишхонада бўлар, ё талабалар билан, ё ёш ўқитувчилар билан суҳбатлашаётганининг гувоҳи бўлардим. Ёш бўлсада, унда бир улуғворлик бор эди. Хуршида Каримова бир неча марта Каттақўрғон шаҳар кенгашига депутат этиб сайланган эди. У умрининг охирги кунига қадар бор кучи, ғайрати билан, фидоийлик билан меҳнат қилди. Хуршида Каримова – ажойиб инсон эди”.

Дарвоқе шундай. Хуршида табиатан кўнгли очиқ, бировга кек сақламайдиган, қалби тоза, юз-кўзларидан таърифи йўқ бир беғуборлик акс этиб турувчи, Аллоҳ ҳар неча йилда бир мукаммал қилиб яратадиган инсонлардан бири эди. Яна унинг гўзал одамийлик хислатларидан бири ҳеч қачон ёлғон гапирмаган, бировни алдамаган. Ҳар доим кимнингдир ўй, ташвишлари билан юрарди. Ҳар доим шоштб юрарди, бу ҳаётдан шошиб кетиб қолди ҳам.

У бизнинг оилавий дўстимиз эди. Суҳбатлари ширин, дилкаш эди. Эшигимиздан кулиб кириб келишларини, соғинаман, қўмсайман гоҳида. Оилавий тадбирларимиз, тўй-ҳашамларимиз Хуршидасиз ўтмасди.

Хуршида ҳаётга ишонч билан қарар эди. Бирор марта ҳаётидан норози бўлиб нолиганини эшитмаганман. Унинг кўзларида эртанги куннинг завқ-шавқи порлаб турарди.

У ёлғиз жигарбанди Шаҳризоданинг бўй-бастига қараб қувонарди. Қайсидир тонг Аллоҳ унга ато этган ўғил невара “инга” сини эшитганида эса, бу шодлиги, қувончи бу дунёларга сиғмай кетган бўлса ажабмас. Қалб уйининг чироғи, ойи, қуёши бўлган қизи, куёви Исломбек, невараси Умарбеклар бир бахтига ўн бахт, юз бахт қўшгани ёлғон эмас. Невараси Умарбек билан ўтказган бахтиёр дамлари, уни бағрига босиб айтган аллалари Хуршиданинг ҳаётидаги энг ардоқли, энг гўзал дамлари бўлганлиги рост.

Кошкийди, Хуршиданинг кўнгил боғларига бевақт, барвақт оралаган “совуқ шамоллар”, “совуқ изғиринлар” унинг қалбдаги юз очишга, кўз очишга улгурмаган гулчечакларни хазонга айлантирмаса, кошкийди…

Эркатош ШУКУРОВА.

O'tgan postlar