ГИЁҲВАНДЛИК АСР – ВАБОСИ

Гиёҳвандлик  жамиятга ҳар томонлама зарар етказади. Бу иллат туфайли оилалар барбод бўлаётгани, гиёҳвандликка мубтало бўлган кишилар турли касалликларга чалиниб бевақт ўлим топаётгани маълум. Шу боис, гиёҳвандликка қарши курашиш, унинг аянчли оқибатларидан ёшларни хабардор қилиш самарали тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ҳозирги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.

Шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими томонидан наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш ва фаолиятига чек қўйиш, таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган ўсимликлар экилишини олдини олиш бўйича махсус чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган ўсимликларни етиштираётган ва гиёҳванд моддаларни сотаётган юртдошларимиз аниқланмоқда. Мисол учун  Каттақўрғон тумани “Полвонтепа” МФЙга варашли “Мухтор” қишлоғида яшовчи фуқаро Ф.С  ўзи яшаб келаётган уйи атрофидаги пахта даласи ариғи ёнида экиш ва етиштириш қонун йўли билан тақиқланган таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, етиштириб, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келган. Шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ф.С  ёнидаги гугурт қутисига қадоқланган 1.94 грамм миқдоридаги “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 50000 сўм пул эвазига сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинган.

Шунга ўхшаш жиноятни 1975 йилда Каттақўрғон шаҳрида туғилган “Баландчордара” МФЙга қарашли Баландчордара кўчасида яшовчи Т. Б ҳам содир этган. У ўзи яшаб келаётган уйнинг чердагида гул экиладиган тувакда таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини яширин равишда экиб етиштириб, ўзи истеъмол қилиш мақсадида сақлаб келган. Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ 4-отряд ЙХҲ бўлими инспектори томонидан ўтказилган текширув давомида унинг ёнида бўлган  “марихуана” гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган..

Шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси лейтенант Н.Шукуровнинг саъй-ҳаракатлари билан оғуфурушларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари фош этилди ва улар қилмишларига кўра суд томонидан жазоландилар.

Гиёҳвандлик аср – вабоси. У етказадиган зарар ниҳоятда катта. Шу сабаб бу иллатга қарши курашиш, унинг олдини олишга барчамиз масъулмиз.

М.ЖУМАЕВ,

шаҳар ИИБ фахрийлар кенгаши раиси,

истеъфодаги майор. 

O'tgan postlar