ФАРЗАНД  ОИЛА ГУЛТОЖИ

Фарзанд оила мустаҳкамлигини таъминловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.  Оилада улғаядиган боланинг қандай инсон бўлиб шаклланиши биринчи навбатда ота-онага, унинг оилада олган тарбиясига боғлиқ. Зеро, тарбия барча ҳикматларнинг аввалидир.

Шаҳримиздаги “Ғарб Мачит” маҳалласида истиқомат қилаётган Сабоҳат ая ва Жалолиддин Насировларнинг оиласида тарбияга жуда катта эътибор қаратилади десак тўғри бўлади. Бунинг натижаси ўлароқ  фарзандлар ҳаётда ўз ўрнини топиб, самарали меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Сабоҳат опа турмуш ўртоғи Жалолиддин  Насиров билан пенсияга қадар шаҳримиздаги  “Ёғ-мой” АЖ да ишлаганлар. Ҳозир ҳам улар тиниб-тинчимайдилар. Набираларининг тарбияси билан шуғулланадилар. Набиралари  Бегзод, Муҳаммаджон ва Шоҳжаҳонларни спортга бўлган қизиқишларини билганликлари боис уларни спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қиладилар.

Бегзод шаҳримиздаги 3-мактабнинг 7 синфида ўқийди. 3 синфдан бошлаб бокс билан шуғулланади. У ўтган йиллар ичида ўз вазн тоифаси бўйича ўтказилган шаҳар, вилоят мусобақаларида, Жиззах, Қарши, Бухоро вилояти очиқ биринчиликларида қатнашиб фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Келажакда шу спорт бўйича халқаро мусобақаларнинг ғолиби бўлиб, юртимиз байроғини юқорига кўтаришни ният қилган.

6-мактабнинг  3 В синфида таҳсил олаётган Муҳаммаджон ва шу мактабнинг 2 –Б синфида ўқиётган Шоҳжаҳонлар ҳам акалари Бегзодга қизиқиб 1-синфдан бошлаб  бокс билан шуғулланиб келадилар. Улар ҳам қисқа давр ичида кўпгина  ютуқларни қўлга киритдилар. Шоҳжаҳон ва Муҳаммаджоннинг ҳам келажакдаги орзулари улкан.

Буларнинг барчаси оиланинг катталари, фарзандлари, набиралари келажагига бефарқ бўлмаган Сабоҳат ая ва Жалолиддин аканинг меҳнатлари албатта.

Биз ёш боксчиларга келажакда  ота-оналари, бобо ва бувиларининг тарбияларига муносиб йигитлар бўлиб вояга етишларини ва Республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиб юртимиз, шаҳримиз шаънини ҳимоя қилишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

ДИЛРОЗ 

O'tgan postlar