ОҚСОҚОЛ САНЪАТКОРНИНГ ТЎЙИ

Каттақўрғон драма театри биносида Каттақўрғон фарзанди, Ўзекистонда хизмат кўрсатган артист Абуғани Абдуразоқовнинг 70 йиллик юбилейи бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист А.Абдуразоқовнинг ижодидан намуналар, яъни А.Қаҳҳорнинг “Тобутдан товуш”, Л.Бобохоновнинг “Еттинчи жин” спектакларидан лавҳалар ижро этилди. Ўзекистон Республикаси халқ артисти Ёдгор Саъдиев, шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Рахимова, Каттақўрғон драма театри директори, Ўзекистонда хизмат кўрсатган артист Д.Қодиров ҳамда бир гуруҳ санъат ихлосмандлари А.Абдураззоқовни ушбу тантана билан қизғин табрикладилар.

Кекса актёр Абдуғани Абдураззоқов бугун нуронийлар, “етмишвой”лар сафида. Унинг хаёт йўлига назар ташлайдиган бўлсак, ўзи камол топган Каттақўрғон театри саҳнасида сўнгги ролини ўйнаб, нафақага узатилганига ҳам ўн йилдан ошганини кўрамиз. У саҳнага садоқати, томошабинлар меҳрини қозонганлиги боис кам бўлмади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист фаҳрий унвонига сазовор бўлди. Беш фарзанднинг отаси, йигирмага яқин невара-эвараларнинг бобоси Абдуғани ака Каттақўрғон шаҳридаги “Чинобод” маҳалласидаги ибратли оилалардан бирининг сарбони. Қолаверса, отахон нафақага чиққандан сўнг, уни маҳалла қошидаги “Нуроний” жамоатчилик кенгаши раислигига сайлашди. У бугун ҳам хайрли ишларга бош-қош, маҳалладошларининг энг яқин маслаҳатгўйи, давраларнинг тўрида, иззатда, икромда.

Бундан бир йил олдин, кутилмаганда нуроний саньаткорни яна театрга таклиф этишди.

Янги спектаклда сизбоп рол бор экан. Шу ролга сизни таклиф этганмиз – деди режиссёр. Абдуғани аканинг бу таклифдан боши осмонга етди. Дарҳол рўлнинг матнини олиб, ижодий ишни бошлаб юборди.

Тажрибали санъаткор таниқли рус ҳажвчи – ёзувчиси М.Зошенконинг “Қилмиш – қидирмиш” асаридаги бош роллардан бирини бор-йўғи уч-тўрт ҳафталик машғулотлардан сўнг қиёмига етказиб талқин этди. Спектакл примьерасида кекса актёр томошабинлар олқишига сазовор бўлди, қучоғи гулдасталарга тўлди. Шу куни нуроний актёрнинг кўзлари севинчдан ёшланди.

Мен бахтлиман! Мен ҳамон саҳнадаман, – театр саҳнасидаги пардани ўпиб пичирларди у.

…Ҳа асли бекободлик деҳқон фарзанди Абдуғани Абдураззоқов ўз бахтини саҳнада топди.

А.Абдураззоқов санъатда атоқли санъаткорлар – Карим Зокиров, Сойиб Хўжаев, Ғани Аъзамовларнинг “йўлларини” танлаган. Зарур бўлса, Сойиб ака ярагган “Тошболта ошиқ” нинг айнан “ўзи” бўла олади. Карим Зокировнинг “Мулладўст”ини боплаб ижро этади. Михаил Давидовнинг “Ҳидоятхон махсуми”га сайқал бериб, мухлисларни лол қолдиришга қодир. Унинг ижросидаги “Чайқовчи” ҳажвий қўшиғи қарийб ярим асрдан бери “нишон”га бехато тегмоқда.

Ҳарбий хизматни, 1970 йили Тошкент Театр санъати институтини муваффақиятли битириб қайтган иқтидорли артист Каттақўpғон театри саҳнасида 150 дан ортиқ турли йўналишдаги ролларни моҳирона ижро этди. 1991 йили Ўзбекистон телевидениеси адабий-драматик кўрсатувлар Бош муҳарририяти (режиссёр Хамид Қахрамонов раҳбарлигида) Абдуғани Абдураззоқовнинг кўп йиллик ижодий фаолияти хусусидаги видеофилмни томошабинлар ҳукмига хавола қилди. А.Абдураззоқов бир неча телефилмларда ҳам эсда қоларли образлар яратди.

А.Абдураззоқов Ўзбекистон Халқ артистлари Сора Мелиева, Ҳамрохон Омонова, Республикада хизмат кўрсатган артист Зубайдулло Рўзиев, театр дарғалари Хуррам Истамов, Шамсиддин Аминов ва бошқаларнинг дуосини олган санъаткордир.

Қадрдон театрим жамоасининг эътиборида эканлигимдан жуда хурсандман, – дейди Абдуғани ака, – кексайганда ҳам “керакли” бўлиб яшаганга не етсин.

Хуршид Садуллаев,

Абдуазиз Хошимов.

O'tgan postlar

Leave a Comment