“МУЛЛАПА”НИНГ ЁРҚИН ИЗЛАРИ

Эътибор беринг-а, республикамизнинг барча шаҳару туманларидан фарқли ўлароқ, бизнинг Каттақўрғонда хотин-қиз мураббия-педагогларга ҳурмат, эҳтиром ўзгача. Биз уларни эъзозлаб, “муллапа” дея қадрлаймиз.

“Муллапа” яъни, муаллимадек фахрли, шарафли касбни ўзининг фидойилиги, жонбозлиги билан улуғлаган ўқитувчилардан бири, раҳматлик Раъно опа Меликова эди.

…Ҳар бир инсон мактаб остонасига илк қадам қўйган пайтларини, биринчи ўқитувчисининг илк бор қўлидан тутиб ёзишни ўргатганлари-ю, бирор бир ҳарф ёки шаклни ўхшата олмаса, муаллиманинг такрор-такрор ўргатишларини ҳаёт китобининг хотиралар саҳифасига битиб қўяди.

Раъно – “муллапа” ҳам машаққатли йўллар орқали бўлсада, болажон ўқувчилари қалбига саводу-билимнинг илк “сир” ларини сингдиришдан чарчамасди.

…Раъно ўзи туғилиб ўсган Қўшбеги қишлоғидаги тўлиқсиз ўрта мактабда бошланғич таълимни олгач, ўрта маълумотни шаҳримиздаги 13-мактабда олди. Сўнг, ўқитувчиликка меҳр-ихлоси боис, Каттақўрғон шаҳар Педагогика техникумининг “Бошланғич синфлар ўқитувчиси” бўлимини аъло баҳоларда битиришга муваффақ бўлди. Меҳнат фаолиятини ўзи таҳсил олган 13-ўрта мактабда бошлаган ёш педагог ўз билими, қалб қўри билан болаларга “Алифбе” “сир”ларидан сабоқ бера бошлади. Ўша йиллари турмуш ўртоғи Шукур Меликов Тошкентда рус тили ва адабиёти институтида таҳсил олаётганди. Шу боис, ёш оила маълум фурсат пойтахтда яшашди. Ўша йиллари Раъно Меликова Тошкентдаги 136-мактабнинг бошланғич синфларида ўқитувчилик қилди.

Турмуш ўртоғи институтни битиргач, оила яна она шаҳар – Каттақўрғонга қайтди. Тошкентдаги нуфузли билим масканида ишлаб, яхшигина тажриба орттирган Раъно Меликова қарийб чорак аср шаҳримиздаги 2, 5 ва 8-умумтаълим мактабларида бошланғич синфлар ўқувчиларига ҳарф ўргатди, савод улашди. Зеро, касбга ихлос, меҳрибонлик, болажонлик хислатлари мужассам эди унда.

Эътибор беринг, Раъно “муллапа” дан илк сабоқни олган собиқ ўқувчиларидан йигирма нафари бугун олий маълумотли, юртга зарур мутахассислар бўлиб етишишган.

– Раъно опа шаҳримиздаги ўзи истиқомат қилган “Баҳористон” маҳалласининг фаол аёлларидан бўлганлар, – дейди шаҳар ҳокимлигининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича “Баҳористон” маҳалласидаги мутахассиси Шарофат опа Каримова, – Р.Меликова касаллик боис нафақага чиққандан сўнг, маълум муддат маҳаллада котибалик вазифасини бажарган, оилалардаги ажралишларнинг олдини олиш, тўйларни ихчамлаштиришда жонбозлик кўрсатган, фидоийлиги туфайли юқори идораларнинг ёрлиқ, мукофотларига сазовор бўлган. Меликовлар оиласида туғилиб вояга етган беш фарзанд эса, бугун хонадон фахри, билимли, меҳнатсевар, эл корига ҳамнафас.

Яна бир гап. Меликовлар хонадони маънавиятли, китобсевар оила.

– Етмишинчи йилларда ҳовлимизда шеърхонлик, китобхонлик давраларини уюштириб турардик, – дейди хонадон соҳиби Шукур ака Меликов, – журналистлар Раҳмон Чинмирзаев, Асқар Жалилов, Карим Носиров, Очил Раҳматов, шоира Шарбат  Мухторовалар иштирокидаги гурунгларимиз бахс-мулоқатга айланарди. Раҳматлик турмуш ўртоғим Раъно ҳам бу гурунгларга ўз мушоҳадалари билан файз киритарди.

… Ҳа, моҳир педагог, шаҳримизнинг фаол аёлларидан бири, меҳрибон она сифатида хотирланаётган Раъно опа Меликовадан ёрқин излар қолди. Бу эса, ўчмас излардир.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.

O'tgan postlar

Leave a Comment