Фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентабрдаги “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3300-сонли қарори аҳоли билан пулли ҳисоб-китоб ишларини амалга оширишда кенг имкониятлар яратади.

Мазкур қарорга мувофиқ, товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан пулли ҳисоб-китоб қилишни тезкор ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини кенгайтириш мақсадида “онлайн” режимда фаолият юритувчи назорат-касса машиналарини амалиётга жорий қилиниши белгиланган.

Фискал хотирали онлайн назорат-касса машиналарини амалиётга жорий қилиниши савдо қоидаларига риоя этилишини тартибга солиш билан бир қаторда, солиқ назорати жараёнини автоматлаштириш имконини беради.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисобланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмасдан яшириш мақсадида харидорларга назорат-касса машинаси чекини бермаслик, назорат-касса машинасини носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш орқали амалга оширилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотлар сохталаштирилишининг олдини олади.

Онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш амалиёти Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида жорий қилинган бўлиб, ўтган вақт давомида бу турдаги назорат-касса машиналарининг афзал жиҳатлари, камчиликлари ўрганилиб, такомиллаштириш чоралари кўрилди.

Онлайн назорат-касса машиналари нафақат мамлакат савдо тармоқлари тушумларини назорат қилиш, балки алоҳида турдаги маҳсулотларнинг ҳудудлар кесимидаги нархларини, савдо ҳажмини таҳлил қилиш, нархларнинг сунъий равишда оширилиши ёки пасайтирилиши ҳолатларини ўрганиш имконини беради.

Қайд этиш лозимки, бугунги кунда қизғин муҳокама қилинаётган Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш Концепсиясида ҳам товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда амалга оширилган операциялар тўғрисида давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимда маълумотлар узатишни таъминлайдиган назорат-касса машиналарини жорий қилиш жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилган ва бу борада кўплаб ижобий фикрлар билдирилган.

Каттақўрғон шаҳар ДСИ ахборот хизмати.

 

O'tgan postlar

Leave a Comment