ЖУРНАЛИСТ МАСЪУЛИЯТИ

Айни пайтда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида оламшумул ўзгаришлар рўй бермоқда. Мамлакатимиз президенти ўзининг ғайрат-шижоати, ақлу заковати билан нафақат халқимизни, балки бошқа давлат фуқароларининг ҳам диққат марказидан ўрин олмоқда.

Ш.Мирзиеёвнинг аввало қўшни давлатлар, куни кеча Америкада бўлган сафари катта умидлар бағишлайди. Марказий осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистоннинг сиёсий фаоллигига ғарб давлатлари сиёсатчилари “мудраган шер уйғонмоқда” дея баҳо беришмоқда.

Жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами кенг ва унда ҳар биримиз иштирок этмоғимиз зарур.

Демократик тамойилларни қарор топтириш, ислоҳотларни секинлаштирувчи турли иллатларга барҳам беришнинг энг мақбул йўли — жамоатчилик назоратидир. Айнан жамоатчилик назорати жамият равнақига тўсқинлик бўлаётган муаммоларнинг бартараф этилиши, коррупциянинг олди олинишининг муҳим кафолатидир. Бунда оммавий ахборот воситалари, журналистларнинг ўрни беқиёс.

Оммавий ахборот воситалари ўзи истайдими, йўқми, бўлаётган воқеа, жараёнга нисбатан жамоатчилик фикрини шакллантиради. Тажриба шуни кўрсатяптики, айнан жамоатчилик фикри ривожланган демократик давлатларда ваколатли органлар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олади, қонун устуворлигини таъминлайди. Муҳими, Қонун чиқарувчи, ижро, суд органлари фаолиятини адолат мезонида иш юритишини таъминлайди.

Афсуски, бугун жамиятда мавжуд муаммоларга қарши кураш қийин кечмоқда. Бунда оммавий ахборот воситалари ўрни сезилиши керак.

Яхшики, кейинги пайтларда Интернет сайтларида танқидий-таҳлилий мақолалар кўлами кенгайди. Журналистлар Президент диққатига жойлардаги турли бошбодоқликлар, коррупция ва иллатлар ҳақидаги материалларни намойиш этишга эришяптилар. Жамоатчилик эътибори мазкур муаммога қаратилиб, ечими муҳокама этиляпти. Натижада муаммо юзасидан ваколатли орган қабул қиладиган қарорга жамоатчилик фикри таъсири сезиляпти.

Бу нимани англатади? Демак, тафаккуримиз ўзгармоқда, жамиятимизда жамоатчилик фикрига қулоқ тутиш одат тусига киряпти.

Ҳозирги вақтда ахборот майдонида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаган журналистларнинг янги авлоди пайдо бўлгани қувонарлидир.

Жамият эса матбуот аҳлининг ҳаққоний сўзи учун ҳурмат қилиб келган ва улар фаолиятига ўз халқи ҳаётига дахлдорлик туйғуси, ижтимоий масъулиятини қанчалик даража хис этишига қараб баҳо беради.

Жамшид НОСИРОВ.

 

O'tgan postlar

Leave a Comment