ЎЙЛАМАЙ БОСДИМ ҚАДАМНИ….

Ҳар бир инсон дунёга келар экан яхши ҳаёт кечиришга, муносиб оилада тарбия олишга, ҳаёт йўлини яхши инсонлар билан боғлашга ҳақлидир. Лекин айримлар ўз ҳатти-ҳаракатлари, номуносиб хулқ-атвори билан ўз ҳаётини, тақдирини тубдан ўзгартириб юборади. Қилаётган ишининг охири нималарга олиб келишини ўйламагани оқибатида бошига турли савдоларни солади. Агар улар ҳатти-ҳаракатлари нотўғрилигини англасалару, лекин вақтида ўзини тўхтата олишни билмасалар сўнгги пушаймонни ўзларига душман қиладилар.

Ана шундай ўйламай босилган қадамининг охири нималарга олиб келганини кўриб пушаймонликда, панжара ортида ўтиришга мажбур бўлган Амин Сафаровнинг (исми шарифи ўзгартирилган) ҳам тақдири бошқача бўлиши мумкин эди.

Амин Сафаров аслида акасининг таклифи билан 2008 йилда Россия Федерациясининг Санк-Петербург шаҳрига ишлаш учун кетган эди. У ерда у акасига қўшилиб намоз амалларини бажариб келган. У “Санк-Петербургдаги”  “Горьковская” ва “Сенная плошад” манзилида жойлашган масжидларга жума намозларини ўқиш учун борганида ўзига ўхшаб намоз амалларини бажариб келаётган шахслар билан танишиб қолади. Жумладан улар орасидаги Ҳакимов Шерали (исми-шарифи ўзгартирилган) деган киши билан яқиндан танишиб унинг ижарадаги уйига ҳам бориб турган. Мана шу ташрифлар давомида, ҳамда жума намозларига борган вақтида бир қанча ўзбекистонлик йигитлар билан Абдували қорининг ҳамда диний эктремистик оқим аъзоларининг диний экстремистик руҳдаги турли ғоялари акс этган маърузаларини тинглаб, Сурияда бўлаётган воқеалар  ҳақида суҳбатлашадилар.

Бора-бора Амин Сафаров диний оқим таъсирига тўлиқ тушиб қолади. Ушбу оқим аъзоларининг  маърузалари ёзилган диск, флешкаларни доимий равишда кўриб боради. Кейинчалик ушбу ёзувларни Ўзбекистонга қайтаётганида ўзи билан олиб ўтишга  муваффақ  бўлади ва уларни танишларига ҳам беради. У яна Россия давлатига ишга қайтиб келганда ўзининг эси танишлари билан алоқада бўлиб туради. Уларнинг айримларини аввал Туркия ва кейинчалик Сурия давлатига жиҳод қилиш учун ўтиб кетганлигини билади. Сурияга кетган таниши билан телфон орқали гаплашганда уни ҳам Сурияга келишга ва уларга қўшилишга даъват этади. Лекин ҳеч вақт ўтмай уларни Сурияда ҳалок бўлганлигини эшитади ва у ерга бориш ёки бормаслик ҳақида ўйлайди.

Амин Сафаров бу ҳақда айрим танишларидан маслаҳат ҳам сўрайди.                                                                                  Турмуш ўртоғининг ва бошқа яқинларининг у ерга бормаслик ҳақидаги маслаҳатига кириб Сурияга бориш фикридан қайтади. А.Сафаров 2008 йилдан 2013 йилгача диний экстремистик оқимнинг ғояларини қўллаб-қувватловчи шахслар билан  доимий алоқада бўлиб, республикамизда тақиқланган маърузалар, диний китобларни ўқиб келган. Ўз фикри, дунёқараши бўлмаганлиги, маънавий даражаси пастлиги сабабли қабих ниятдаги кишиларнинг ножуя ҳатти-ҳаракатларини қўллаб уларга қўшилиб келган.

Амин Сафаров ўйламай босган қадами ортидан суднинг олдида қилган қилмишлари учун жавоб берди. У 12 йиллик умрини озодликдан махрум қилди. Қолаверса халқига, Ватанига қилган хиёнати орқали ота-онасининг юзини ерга қаратди. Унинг бу қилмиши келажакда фарзандлари тақдирига ҳам соя солиши мумкин.

Агар у бошқалар сингари бугун юртимизда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, тўғри ҳаёт кечирганда эди ҳозир яқинлари, оиласи ва фарзандлари олдида юзи шувут бўлмасди. Бошқа инсонларда ўзига нисбатан нафрат туйғусини уйғотмасди. Биз Амин Сафаровнинг қилган қилмишларини нотўғри эканлигини тушуниб етиб тўғри ҳаёт тарзига қайтишига умид қиламиз.

Ҳилола ЭРГАШЕВА.

 

O'tgan postlar

Leave a Comment