ДУНЁ МЕҲР НУРИДАН ПАЙДО БЎЛГАН

Меҳр-мурувват нима? Бу қандай туйғу? Меҳр-мурувват деганда биз нимани тушунамиз?

Табиат қўйнида сайр қилар эканман, тасодифан ёш қизалоққа кўзим тушди ва унга кутилмаган савол билан мурожаат қилдим.

  • Сенинг фикрингча меҳр нима?

Қизалоқ юзида табассум билан шундай деди:

  • Меҳр оддий. Ҳар тунда ҳеч нима ёпинмасдан ухлайман, уйғонганимда эса ҳар доим устимга ёпинғич ташланган бўлади. Ана шу меҳр.

Меҳр-мурувват ҳақида сўз борар экан, уни ҳар ким ўзича турли хил таърифлайди. Меҳр ҳақида ҳар бир кишининг ўз фикри, ўз тушунчаси бор. Инсоннинг бир-бирига камарбасталиги, бир-бирини асровчи ва улуғловчи фазилат бу меҳр-мурувватдир. Бу фазилат инсоннинг комилликка эришувида ва ҳаётда ўз ўрнини топиши учун жуда муҳим.

Жамият ҳаётида меҳр-мурувватнинг ўрни беқиёс. Жамият деганда, аввало, одамларни тушунамиз. Уларнинг фазилатлари, камчиликлари-ю, ютуқлари, кўнглида нималар борлиги жамият ҳаётини белгилаб беради. Машаққат бор жойда инсоннинг юраги сабр-тоқатли бўлади, лекин тошдек қаттиқ бўлиб қолиши ҳам мумкин. Инсонни ҳар қандай синовдан эсон-омон олиб ўтадиган куч бу – меҳр-муҳаббатдир. Инсоният дунёси ҳам аслида меҳр нуридан пайдо бўлган. Шу нур туфайли ҳаёт яралган.

Меҳрнинг, мурувватнинг моҳиятини қандай англаш мумкин?

Инсон табиатида жуда кўп туйғулар жамланган. Мана шу энг яхши туйғуларнинг барчасида меҳр қувватини кўрамиз. Уларнинг ҳар бири ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Аслида оламнинг мукаммаллиги унинг меҳр нуридан яралганида намоёндир.

Меҳр-мурувват – бу табиий ҳислат. Бу борада билим ҳам калта аҳамиятга эга. Чунки фақат билим билангина дунёни англаб етиш мумкин. Меҳр-мурувватнинг моҳиятини англаш туфайлидир.

Меҳр-мурувват нимадан бошланади?

Инсон туғилган заҳоти ота-онасининг меҳрини туяди. Улғайган сайин жамиятнинг, атрофдагиларнинг меҳр-мурувватидан баҳраманд бўлади. Шу тариқа меҳр-мурувват ирсият орқали маълум маънода мерос бўлади.

Инсон қалбига йўл меҳр-мурувват ва саҳоватдан бошланади. Халқимиз қалбидан чуқур ўрин олган, бошқаларга ҳеч ўхшамайдиган, минг йиллар давомида шаклланган меҳр-оқибат, меҳр-мурувват тушунчалари асрлар мобайнида эл-юртимизнинг дунёқараши, маънавий ҳаётининг негизи сифатида вужудга келган, онгимиздан чуқур жой олган буюк қадриятларнинг амалий ифодасидир. Етим-есир, бева-бечора ва ногиронларга, мусофирларга мурувват кўрсатиш, сидқидилдан беғараз ёрдам бериш каби фазилатлар азалдан маънавий онгимизга сингиб кетган.

Ҳозирги кунда юртимизда меҳр-мурувват кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мисол тариқасида шуни айтишим мумкинки, куни кеча Қарши давлат университетининг фаол ходимлари бошчилигида бир неча гуруҳ ўғил-қизлари Қарши шаҳридаги Мурувват уйига ташриф буюришди.

Ташриф давомида Мурруват уйи директори Р.Қ.Ходжаев меҳмонларга ушбу даргоҳда 4 ёшдан 17 ёшгача бўлган 281 нафар ногирон бола яшаётгани, улар учун давлатимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитлар, янгидан қурилган бино, замонавий жиҳозланган хоналар ҳамда ишловчи ходимлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақида сўзлаб берди. Ташриф буюрган ўқитувчи ва талабалар ногирон болалар яшаётган хоналарга кириб, уларга ўзлари олиб келган кийим-кечак, турли хил ўйинчоқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари улашдилар.

Бу меҳрга муҳтож болажонлар учун энг аҳамиятлиси турли хил буюмлар нарсалар эмас, уларга улашилаётган меҳр-мурувватдир.

Бир чимдим меҳр билан ким ўлибди дейсиз. Баъзида эса биз ана шу меҳрни ҳам бир-биримиздан қизғонамиз.

Нега ҳозирги кунда инсонларда бир-бирига бўлган меҳр-оқибат, меҳр-мурувват тушунчалари йўқолиб кетаяпти? Шу даражада тубанлашиб кетяпмизми ёки бошқа сабаблар ҳам борми?

Баъзи инсонлар шу даражада тубанлашиб бораяптики, ҳатто атрофдаги ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдам қўлини узатгиси келмайди. Бунга сабаб нима? Бу саволга баъзилар: “Вақт йўқ, ҳеч ким ўз муаммоларидан ортмаяпди” – деб жавоб беради. Менимча эса, бу фикрлар хато. Аслида эса, вақт йўқ эмас, шунчаки хоҳиш йўқ. Хоҳиш бўлса, вақт ҳар доим топилади.

Бирор кишига ёрдам бериш учун бой ёки кучли бўлиш шарт эмас, меҳрибон бўлишнинг ўзи етарли. Меҳрсизлик – ёвузлик эшигидир. Ҳавосиз яшаб бўлмаганидек меҳр – мурувватсиз ҳам яшаб бўлмайди.

Меҳр бор экан, инсон ҳаёти ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Меҳр-мурувват – ҳар эшита оладиган, кўр кўра оладиган туйғудир. Юракда меҳр бўлмаса, нимаики иш қилманг, у самимий бўлмайди. Меҳр ва мурувват билан йўғрилган юракда пайдо бўлган ҳар қандай сўз минглаб юракларни уйғотади. Шу қаторда бошқа бировларнинг сенга қилган меҳр-мурувватини ҳам унутмаслик керак.

Дунё янада гўзалроқ бўларди, ўзимизни эмас, бир-биримизни ўйласак.

Ситора МЎМИНОВА.    

O'tgan postlar

Leave a Comment