ШЕРЛАРНИ ШЕР ТАРБИЯ ҚИЛАДИ

Эътибор берган бўлсангиз атрофимизда амалий иш қилгучидан маслаҳат бергучи кўпроқ. Аслида “бундай қилиш керак” деб бошланувчи суҳбатдан безорман. Аммо келтирмоқчи фикрларимни мулоҳаза қилиб таклиф сифатида қабул килиб кўринг:

Айни дамдаги ислоҳотлар, саъй-ҳаракатлар асосан умидли ёшларнинг камолотига йўналтирилган. Чунки, бугунги барча эзгу орзу-умидларнинг эртага амалда аксини топишида масъулият ёшларнинг зиммасида.

Савол туғилади, ёшлар асосий ишончимиз экан, хўш улар қандай таълим оляпти, тарбиясининг сифати қанақа ?

Бу масалага даҳлдор оила, маҳалла ва жамиятни бироз чеккага суриб қўяйликда, ҳозирча,  бола асосий вақтини ўтказадиган муассаса- мактаб  ҳақида гаплашайлик.

Меҳр риштаси қанчалик мустаҳкам бўлмасин фарзандни мудом олдингизда олиб ўтиришнинг иложи йўқ. Фарзанд тарбияси ва унинг етукликка етказишда Оиладан ташқари  Давлат ва жамият фаол иштирок этади. Болани етти ёшидан мактабга қўясиз, у токи 17-18 ёшига қадар ҳаётининг асосий даврини синфдошлари ва устозлар қуршовида ўтказади.

Боланинг оқ билан қорани ажратадиган вақти, яъни 11 ёшгача киргунича мактабнинг бошланғич синфида, одатда аёл кишилар мураббийлик қилишадиган даврига тўғри келади; бунга боғчадаги 3-4 йилни қўшсак, демак бола – ўз ақлини танийдиган вақтини асосан аёл кишининг қўлида ўтказар экан. Бу нафақат маърифат, балки таълим, тарбия шунинг билан бирга энг яқин муносабатлардир. Агар фарзанд қиз бўлса,  яхши устози каби меҳри дарё қалби қуёш бўлиб вояга етади. Фарзанд ўғил бўлсачи? Атроф муҳитни таниб, ҳамма маъқул бўлган ходисаларга тақлид қиладиган чоғда атрофда нуқул  аёл мураббийлар бўлиши тўғримикан? Мактаб ўқитувчилари ҳақидаги статистикага қараганда ўқитувчиларнинг 15-20 фоиз эркаклар хисобига тўғри келар экан..

Аёл муқаддас, мўътабар зот. Аммо тарбияда отанинг ўрни беқиёсдир. Эркакларга хос фазилатлар ва характер таъсири фарзанднинг ривожида муҳим рол ўйнайди. Отанинг ҳар бир муаммога эркакча ёндошуви масалани узил кесил ҳал этишда асосий қарор ҳисобланди. Буни ҳамма билади. Шу кунга қадар  бирор бошланғич таълим ўқитувчисини ёки мактабгача таълим муасасаси тарбиячисини вазифасида эркак киши ишлагани ҳақида эшитмадим. Бунга мактаблардаги ўқитувчиларнинг асосий салмоғини, раҳбарияти, айниқса директорларнинг асосан аёл жинсига мансублиги олсак фарзандларимиз асосан аёллар қўлида асосан тарбиялаётганини тушиниб қоламиз.

Энди ўтмишга мурожаат қилиб биз фахрланадиган олиму фузалоларимизга ким таълим берганини топсангиз масала ойдек равшан бўлади. Буюк одамлар бўлиб тарбия топиш, илм олиш устозга боғлиқ. Мен муҳтарама ўқитувчи аёлларимизни жинси нуқтаи назаридан бу масалада камситилишидан йироқман. Навоийга устоз Абу Лайс таълим бергани каби Улуғбекни малика Биби Хоним тарбият қилган.

Фикри ожизимча болалар, аниқроғи ўғил болаларни  ўқитиш ва тарбиясига кўпроқ зиёли эркакларни жалб этиш лозим. Тўғри, айни пайтда бошланғич таълим у ёқда турсин хатто фанлар бўйича ҳам  кадрлар етишмаяпти. Лекин ҳеч бўлмаганда мактаб илмий бўлим мудирлари, раҳбар ўринбосарлари, айниқса мактаб директорларини тайинлашда биринчи навбатда тажрибасиз бўлса ҳам йигитларга эътибор бериш керак.

Аминманки, таълим муассасаларимиз бошқарувида эркаклар салмоғи ортса бошқарса, ҳамма жабҳада ижобий натижалар юз беради.

P/S. Бу мулоҳазаларим билан ҳурматли аёлларимизни асло камситмоқчи эмасман. Барчамизни она дунёга келтирган, лекин оила бошлиғи, таянчи ва суянчи аввало  отамиздир. Шундан келиб чиқиб фарзандлар тарбиясига эркаклар иштироги оширилса тартиб интизом бўлади. Яна билмадим..

Жамшид НОСИРОВ

O'tgan postlar

Leave a Comment