ГАЗЕТА ТАРИХИ ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

Замонавий техника-технологиялар ҳар қанча тараққий этмасин, ҳаётимизда ўз ўрнига эга бўлган газета-журналларга эҳтиёж пасайгани йўқ. Аксинча, инсоният қанчалик тараққиётга эришмасин, маърифатга бўлган эҳтиёж янада кучаймоқда. Шунинг учун ҳам, газетанинг ҳаётда ўз ўрни борлиги ва унинг жойини ахборот етказишнинг бошқа воситалари эгаллаб олиши ҳозирча ўз исботини тополгани йўқ.

Ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган газета тарихи ҳақида сўз очадиган бўлсак, қуйидаги қизиқарли маълумотларни айтиб ўтишни жойиз деб топдим.

Газета ёки рўзнома бир ном остида мунтазам чоп этилувчи вақтли нашрдир. Газета (италянча gazzette – “чақа пул”) – кундалик воқеалар тўғрисида материаллар эълон қилинадиган даврий (вақтли) босма нашр маъноларини билдиради. Унинг вазифаси жамиятнинг ахборотга бўлган эҳnиёжини, маънавий интеллектуал талабларини қондиришдан иборат. Газета фақат ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаёт объекти бўлибгина қолмай, балки моддий ишлаб чиқариш объекти, ишлаб чиқариш -иқтисодий муносабатлар соҳаси ҳамдир. Шу билан бирга газета товар – моддий маҳсулот ҳам ҳисобланади. Газета ҳажми 2 саҳифадан 100 саҳифагача ва ундан кўп бўлиши мумкин .

Газетанинг ибтидоий тури дастлаб Римда – милоддан аввал I асрда варақа шаклида, Хитойда VII асрда “Di bao” – “Пойтахт ахбороти” номи билан чиққан. Ҳозирги газеталарнинг дастлабки турлари XVI-XVII асрларда Европада пайдо бўлган. Улар хусусий шахслар, аксарият матбаачилар, ноширлар, почта ходимлари томонидан нашр қилинган. Илк газеталар ҳафтада ва 15 кунда бир марта чоп этилиб, кам нусхада бўлган. Уларда асосан сарой янгиликлари, тижорат хабарлари босилган. XVI асрда Венецияда ёзма ахборотлар учун “gazette” деган чақа пул тўлашган (номи ҳам шундан). 1631 йилда Парижда қирол Людовик ХIII нинг шахсий шифокори ва йилномачиси Теофраст Ренодо парижлик китобфурушлар – Луи Вандом ва Жан Марпен билан биргаликда “La Gazzette” номли вақтли босма нашрни ташкил этади. Ҳозирги маънодаги “газета” термини мана шу нашр ташкил қилингач, сўзлашувда расм бўла бошлаган, деган фикр мавжуд.

Газетачилик XVIII асрдан эътиборан, айниқса Англия, Германия, Франция, Италия, АҚШ мамлакатларида тараққий қила бошлади ва бу мамлакатларда кўплаб ижтимоий-сиёсий йўналишдаги кундалик газеталар пайдо бўлди. Мазкур даврда тармоқ, яъни соҳа газеталари ҳам таркиб топди. Умумсиёсий нашрлар қаторига иқтисодиёт, тижорат, илм-фан, адабиёт, спорт ва бошқа соҳаларга ихтисослашган махсус газеталар қўшилди. Газеталар чиқариш билан хусусий ноширлардан ташқари турли ижтимоий гуруҳлар, сиёсий партиялар, фирма ва компаниялар ҳам шуғуллана бошлади. Шу тариқа газеталар турли сиёсий қарашлар, мафкуралар жарчисига айлана борди.

Газетачилик тараққиёти Ўзбекистонда ҳам ўз тарихига эга. Бу ерда XIX асрнинг 70-йилларидан “Туркестанские ведомости” газетасининг чиқа бошлаши Туркистонда даврий матбуотнинг ибтидоси бўлди. Унда ўлка тарихи, маданияти, географияси, этнографияси, саноати ва бошқаларга оид мақолалар босилган. Шу билан бир вақтда ўзбек тилида “Туркистон вилоятининг газети” ҳам нашр этила бошлади. 1917 йилгача Туркистонда бу икки газетадан ташқари, турли вактларда ўзбекча ва русча (баъзан қирғиз ва тожик тилларида) 100 дан ортиқ газеталар чиққан. Улар асосан савдо, саноат марказлари – Тошкент, Самарқанд, Ашхобод, Қўқон, Андижон, Фарғона ва бошқа шаҳарларда нашр этилган. Булар вазифаси, даврийлиги ва хусусиятлари жиҳатидан турлича эди.

Ўзбекистонда шўро тузуми даврида ўзбек ва бошқа маҳаллий тилларда, шунингдек рус тилида янги йўналишдаги газеталар тизими таркиб топди. Буларнинг барчаси коммунистик мафкура назорати остида нашр этилган, тоталитар тузум мақсадларига хизмат қилиб, компартия хоҳиш-иродасини ифода этган. Уларнинг саҳифаларида халқ тарихини сохталаштирувчи, миллий қадриятларни ерга урувчи, мамлакатдаги якка ҳокимлик сиёсатини кенг қўллаб қувватловчи мақолалар кўплаб босилган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, газеталарга мафкуравий яккаҳокимлик барҳам топди, мазмун-моҳиятини тубдан ўзгартирди. Айримларининг номи ҳам ўзгарди: “Совет Ўзбекистони” – “Ўзбекистон овози”, “Ҳақиқати Ўзбекистон” – “Овози тожик”, “Қишлоқ ҳақиқати” – “Қишлоқ ҳаёти”, “Ўқитувчилар газетаси” – “Маърифат”, “Ёш ленинчи” – “Туркистон”, “Ленин учқуни” – “Тонг юлдузи” номи билан чиқа бошлади

Хулоса ўрнида, XX асрнинг охирида интернет тармоғининг пайдо бўлиши газета фаолиятида маълум бир инқирозни келтириб чиқарди, бироқ шуни унутмаслигимиз керакки, газета инсоният ҳаётида жуда катта мавқега эга минбар бўлган ва шундай бўлиб келмоқда.

 

Хуршид Садуллаев,

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.

O'tgan postlar

Leave a Comment